МИЯМИЗ НЕГА БУЛУТ, ДЕВОР ЁКИ СОЯДА ИНСОН ЮЗИНИ КЎРАДИ?
Мия нега булут, девор ёки сояда юзга ўхшаш қиёфаларни кўради? Парейдолия деб аталадиган бу табиий механизм инсон эволюцияси, юзларни таниш қобилияти ва ижодкорлик билан қандай боғлиқ экани ҳақида сўз юритамиз.
Инсон мияси ҳар куни ғаройиб бир ишни бажаради: у тасодифий шакллар орасидан таниш қиёфаларни, айниқса юзларни топишга уринади. Бу ҳолат илмда парейдолия деб аталади.
Парейдолия – миянинг тасодифий чизиқ, соя, булут, тош, девор ёки оддий буюмлар орасидан таниш образни кўриши демакдир. Масалан, икки қора нуқта ва улар остидаги эгри чизиқ мия учун бир зумда “юз”га айланиши мумкин. Аслида у ерда ҳеч қандай юз йўқ. Аммо мия уни барибир топади.
Мутахассисларга кўра, бу жараён инсон хоҳишидан ташқари, автоматик тарзда содир бўлади. Бунинг асосий сабабларидан бири миядаги юзларни танишга масъул махсус ҳудуд – фузиформ юз соҳаси билан боғлиқ. У атрофдаги белгиларни доимий равишда кузатиб, юзга ўхшаш шаклларни излайди.
Бу қобилият инсон эволюцияси давомида яшаб қолиш учун муҳим аҳамият касб этган. Қадимда хавфни, душманни ёки таниш инсонни тезда пайқаш ҳаёт-мамот масаласи бўлган. Шунинг учун мия “аввал юз бор деб ўйла, кейин текшир” тамойилига мослашган.
Айнан шу қадимий механизм бугун ҳам ишлашда давом этмоқда. Соя маълум бурчакда тушса, мия унда кимнингдир қиёфасини кўриши мумкин. Учта буюм тахминан учбурчак шаклида жойлашса, инсон кўзи уларни тирик мавжудотга ўхшатади. Булут, тоғ, дарахт танаси ёки оддий девордаги доғлар ҳам бир зумда “қараб турган юз”га айланиши мумкин.
Қизиғи, тарихда бундай ҳолат узоқ вақт руҳий беқарорлик белгиси сифатида талқин қилинган. Аммо кейинги илмий қарашлар парейдолия ақлдан озиш эмас, балки инсон мияси учун табиий ва кенг тарқалган ҳолат эканини кўрсатди.
Баъзи мутахассислар парейдолияни инсон ижодкорлиги ва тасаввур қобилияти билан ҳам боғлайди. Чунки тасодифий белгилар орасидан маъно топиш қобилияти инсонга нафақат юзларни танишда, балки ҳис-туйғуларни англаш, муҳитни баҳолаш ва ижтимоий муносабатларда тез қарор қабул қилишда ҳам ёрдам беради.
Демак, деворда, булутда ёки оддий буюмларда юз кўриш миянинг хатоси эмас. Бу — инсон тафаккури қандай ишлашини кўрсатадиган энг қизиқ ва табиий механизмлардан биридир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг