АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп 5 ноябрь куни Оқ уйда Россия ва Украина вакиллари иштирокида учрашув ўтказди. Музокараларнинг асосий мавзуси Херсон вилоятидаги Олешки (Алёшки) шаҳрида амалга оширилган гуманитар операция ва тинч аҳолини эвакуация қилиш масалалари бўлди.

Учрашувда Россия томонидан президент Владимир Путиннинг махсус вакили Кирилл Дмитриев ва инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Яна Лантратова, Украина томонидан эса Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец ҳамда «Слуга народа» парламент фракцияси раҳбари Давид Арахамия иштирок этди.

Мелания Трамп учрашув давомида Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийга шахсий мактублар ёзганини маълум қилди. У мактубларни Кирилл Дмитриев ва Давид Арахамия орқали давлат раҳбарларига етказишни сўради. Мактубларнинг мазмуни ошкор этилмади.

АҚШ биринчи хоними ўз нутқида Херсон вилоятининг Россия назоратидаги Олешки шаҳрида ўтказилган гуманитар операция тафсилотларига тўхталди. Унинг айтишича, Россия ва Украина 23 октябрь куни ҳудудда вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолаган. 27 октябрдан 1 ноябргача давом этган олти кунлик сулҳ натижасида аҳолига озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармон етказилган, қарийб 800 нафар тинч аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

Мелания Трамп гуманитар операцияни ташкил этишда шахсан иштирок этганини таъкидлади. «Мен режалаштиришнинг ҳар бир босқичида иштирок этдим. Миналардан тозалаш режалари ва ҳаводан олинган суратларни ўргандим, йўлларнинг ҳолатини баҳоладим. Эвакуация йўналишлари, шифохоналарга етиб бориш имкониятлари, транспорт воситалари ва тиббий ресурсларни муҳокама қилдим. Операция учун мақбул саналар ва муддатлар ҳақида маълумот олиб турдим», — деди у.

Биринчи хонимнинг билдиришича, гуманитар келишувга эришиш учун Россия ва Украина расмийлари билан алоҳида мулоқотлар олиб борилган. Музокараларда ҳарбийлар, давлат идоралари ва гуманитар ташкилотлар вакиллари қатнашган.

Мелания Трамп Олешкидаги вақтинчалик сулҳни Россия ва Украина ўртасида кенгроқ тинчлик келишувига эришиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.

«Олешкида ўт очишни тўхтатиш президент Путин ва президент Зеленскийнинг иштирокисиз амалга ошмас эди. Уларнинг ҳамкорлиги бутун минтақада тинчликка эришиш учун муҳим асос яратди», — деди АҚШ биринчи хоними.

Учрашув давомида Украина делегацияси Мелания Трампга Владимир Зеленский томонидан берилган биринчи даражали Княгиня Ольга орденини топширди. Мукофот унинг гуманитар ташаббуслари ва тинч аҳолини эвакуация қилишга қўшган ҳиссаси учун берилган.

Россия вакили Кирилл Дмитриев Мелания Трампга Олешкидан олиб чиқилган 11 ёшли қиз томонидан чизилгани айтилган суратни совға қилди.

Оқ уйдаги учрашув Россия, Украина ва АҚШ вакиллари иштирокида 10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги музокаралар арафасида бўлиб ўтди.

Мелания Трамп гуманитар масалалар бўйича эришилган келишув келгусида урушни тўхтатиш ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш учун имконият яратишига умид билдирди.