ЛАТВИЯДА ИККИ ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ ОҚҚУШНИ ҚИЙНАШДА АЙБЛАНМОҚДА
Латвияда Царникавадаги Гауя дарёси бўйида икки ўзбекистонлик эркак оққушни шафқатсиз қийнашда айбланмоқда. Жиноят иши Юрмала судида кўрилмоқда, айб исботланса, улар олти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Латвияда икки Ўзбекистон фуқаросига Царникавада оққушга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ва уни қийнаш бўйича қўйилган айблов судда кўриб чиқилмоқда.
Латвия прокуратураси маълумотига кўра, воқеа 2025 йил 30 март куни Царникавада, Гауя дарёси бўйида содир бўлган.
Тергов талқинига кўра, икки эркак оққушни озиқ-овқат билан сувдан қирғоққа жалб қилган. Шундан сўнг улардан бири қушни қанотларидан ушлаб, ерга ётқизган, унинг бўйнини синдиришга ўхшаш ҳаракат қилган ва бошига бир марта мушт билан урган.
Қуш қаршилик кўрсатмай қўйгач, иккинчи гумонланувчи қора чиқинди пакетини очиб турган ва оққуш пакетга жойланган. Кейин қуш автомобиль багажига солиниб, воқеа жойидан олиб кетилган. Ҳодисага уч нафар вояга етмаган шахс гувоҳ бўлган.
Латвия полицияси 1984 ва 1993 йилларда туғилган икки эркакни ушлаган. Маҳаллий ОАВ уларнинг Ўзбекистон фуқаролари эканини хабар қилган. 2025 йил октябрида прокуратура жиноят ишини Рига туман судига юборган. 2026 йил июлида ишнинг Юрмаладаги судда кўриб чиқилиши бошлангани хабар қилинди.
Латвия Жиноят қонунига мувофиқ, ҳайвонни оммавий жойда ёки вояга етмаганлар ҳузурида қийнаш айби исботланса, олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим хабарларда оққушга жинсий тажовуз қилингани ва бу ҳаракат бир неча марта такрорлангани айтилмоқда. Бироқ Латвия прокуратурасининг расмий айбловида бундай маълумотлар мавжуд эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг