Россия Украинадаги урушни тугатиш бўйича Абу-Дабида ўтган музокараларда НАТОга аъзо давлатлардан Марказий Осиёда «ҳар қандай ҳарбий фаолият»дан воз кечишни талаб қилган.

Бу ҳақда The New York Times Россия делегацияси тарқатган 10 ноябрь санаси қўйилган ҳужжатга таяниб хабар берди.

Газета ҳужжат нусхасини музокара иштирокчиларидан бири орқали олган. Музокаралардан хабардор иккинчи манба унинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Имзосиз ҳужжатда Москва ўзининг дастлабки музокара шартларини баён қилган. Марказий Осиёга оид банд Украина, Шарқий Европа ва Жанубий Кавказни ҳам қамраб олади.

Ҳужжатда НАТОнинг кейинги кенгайишидан воз кечиши, альянс қўшинлари ва базаларини 1997 йилдаги жойлашувига қайтариши ҳамда Украинага Ғарб қурол-яроғи ва ҳарбий техникаси етказиб берилишини тўхтатиш каби талаблар ҳам бор.

Москва Марказий Осиё бўйича худди шу талабни 2021 йил декабрида эълон қилган келишув лойиҳасининг 7-моддасига ҳам киритган эди.

НАТО маълумотига кўра, альянс минтақанинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан шериклик алоқаларига эга.