5 ноябрь куни Ҳўрмуз бўғозида бешта нефть танкери ва битта буксир кемаси ёнғинга учради. Бу ҳақда Эрон ҳарбийлари маълум қилди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси баёнотига кўра, танкерлардан бири бўғознинг жанубий қисмида рухсат этилмаган йўналиш орқали ҳаракатланаётганда денгиз минасига дуч келган. Портлаш оқибатида кемада ёнғин бошланиб, у ҳаракатдан тўхтаган.

Яна бир йирик нефть танкери бўғознинг шарқий қисмида ёнғинга учраган. Унга ёрдам бериш ва оловни ўчириш учун яқинлашган буксир кемаси ҳам ёниб кетган.

Кейинроқ Эрон армияси яна учта нефть танкери денгиз миналарига дуч келиб, ёнғин чиққанини маълум қилди. Ҳарбийлар ушбу кемалар хавфли деб белгиланган ҳудудлардан ўтишга уринганини таъкидламоқда.

Ҳозирча кемаларга етказилган зарар миқдори ва экипаж аъзоларининг аҳволи ҳақида тўлиқ маълумот берилмади. Эрон томонининг бешта танкерга оид хабарлари халқаро денгиз ташкилотлари томонидан мустақил тасдиқланмаган.

Ҳодисалар АҚШ ва Эрон ўртасида ҳарбий кескинлик яна кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида содир бўлди. Reuters агентлиги манбаларининг билдиришича, Вашингтон Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлаш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.

Февраль ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан буён Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини жиддий чеклаган. Эрон ҳарбийлари белгиланган тартибга риоя қилмаган кемаларга нисбатан чоралар кўрилишини огоҳлантириб келмоқда.

Айни пайтда Қатар воситачилигида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида музокаралар давом этмоқда. Томонлар Ҳўрмуз бўғозида хавфсиз қатновни тиклаш, санкциялар ва Эрон ядровий дастури масалаларини муҳокама қиляпти. Бироқ ҳозирча якуний тинчлик келишувига эришилмаган.