Россия Федерал хавфсизлик хизмати – ФСБ оммавий ахборот воситалари, Telegram каналлари ва ўзининг махфий маълумотлар базаларини ягона тизимга бирлаштирадиган сунъий интеллект ёрдамчисини яратишни режалаштирган. “Паук”- “Ўргимчак”деб номланган лойиҳа махсус хизмат ходимларига одамлар ва воқеалар ҳақидаги маълумотларни чат-бот орқали излаш имконини бериши керак эди.

Бу ҳақда “Важные истории” нашри Қозондаги “Микорд” компаниясидан сиздирилган ҳужжатлар асосида ўтказган текширувида маълум қилди.

2025 йил декабрида номаълум хакерлар гуруҳи “Микорд” компанияси инфратузилмасига кирган. Қўлга киритилган ҳужжатлар “Идите лесом”ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига, кейин эса журналистларга тақдим этилган. Ҳужжатларга кўра, компания бир ярим йил давомида ФСБ учун “Паук”лойиҳасини ишлаб чиққан.

“Ўргимчак”нимани тутиши керак эди?

Лойиҳанинг расмий номи «Контентни таҳлил қилиш ва бошқариш портали» бўлган. Унинг қисқартмаси рус тилида “Паук”сўзини ҳосил қилади. Техник тилда “Ўргимчак”ёки веб-краулер интернет саҳифаларини автоматик кўриб чиқадиган ва улардан маълумот тўплайдиган дастурни англатади.

Тизим Россия ва хорижий ОАВда эълон қилинган материалларни, ижтимоий тармоқлар ва Telegram каналларидаги хабарларни автоматик равишда йиғиши керак эди. ФСБ ходими улар орасидан муҳим деб ҳисобланган хабарларни танлаб, раҳбарият учун кунлик ёки ойлик ахборотномалар тайёрлаши мумкин бўларди.

Аммо “Паук”оддий медиа-мониторинг хизмати бўлиб қолмаслиги режалаштирилган.

Ҳужжатларга кўра, тизимнинг ёпиқ қисмига ФСБнинг ички маълумотлари, хизмат маълумотномалари, сканерланган ҳужжатлар ва бошқа махфий манбалардан олинган маълумотларни ҳам юклаш кўзда тутилган. Катта тил моделига асосланган чат-бот эса ушбу ахборотлар бўйича ходимларнинг саволларига жавоб бериши керак эди.

Исм, телефон рақами ва автомобил маълумотлари

Техник ҳужжатларда сунъий интеллект “қизиқиш объекти” сифатида белгиланган шахслар ҳақида қандай маълумотлар чиқариши мумкинлиги ҳам кўрсатилган.

Улар орасида:

– фамилия, исм ва отасининг исми;
– туғилган сана;
– яшаш ҳудуди;
– телефон рақами;
– автомобил давлат рақами;
– автомобил маркаси бор.

ФСБ фаолияти билан таниш манбанинг журналистларга айтишича, махсус хизматда аллақачон Марказий оператив база мавжуд. Унга миш-мишлар, агентура маълумотлари, жиноят ишларидан олинган ахборот ва тезкор хабарлар киритилади.

ФСБнинг собиқ ходими Александр Федотов эса Иккинчи хизматда россиялик фаоллар ва намойиш иштирокчилари ҳақида алоҳида база мавжудлигини айтган. Унда инсонларнинг исмлари, суратлари ва телефон рақамлари сақланиши мумкин.

Шундай қилиб, режалаштирилган сунъий интеллект ёрдамчиси ОАВ хабарларини фаоллар ҳақидаги ички маълумотлар билан бирлаштириб, махсус хизмат ходимларининг кундалик тезкор фаолиятини автоматлаштириши мумкин эди.

Дастлаб тизимдан асосий бўлинманинг 30 нафар ходими фойдаланиши режалаштирилган. Кейинчалик фойдаланувчилар сонини 400 нафаргача ошириш имконияти ҳам кўриб чиқилган.

ФСБ мустақил нашрларни ҳам диққат билан кузатган

“Микорд”га ФСБнинг Иккинчи хизмати томонидан 2024 йил январидан 2025 йил июнигача тайёрланган ҳақиқий ахборотномалар берилган. Дастурчилар уларни ўрганиб, “Паук”қайси сайтлар ва Telegram каналларини мунтазам кузатиши кераклигини аниқлаган.

Журналистлар қарийб беш мингта хабарни таҳлил қилган. Улар орасида исломий радикализм, мухолифат, сиёсий қотилликлар, мигрантларга босим, иш ташлашлар, хориждаги норозилик намойишлари ва Европадаги миллатлараро можаролар ҳақидаги материаллар бўлган.

Эътиборли жиҳати, ФСБ учун тайёрланган ахборотномаларда Россиянинг мустақил ва цензурадан холи нашрлари асосий манбалардан бирига айланган.

2025 йилнинг биринчи ярмида “Активатика”, RusNews ва “Говорит НеМосква” ФСБ энг кўп иқтибос келтирган бешта манба қаторига кирган. Фақат “Активатика”нинг ўзига тегишли 244 та хабар ФСБ ахборотномаларига киритилган. Бу Иккинчи хизмат ҳисоботларидаги ҳар олтинчи хабар дегани.

2024 йил январидан 2025 йил июнигача мустақил нашрларнинг 550 дан ортиқ материали махсус хизмат ахборотномаларида қайд этилган. Бу ФСБни қизиқтирган барча хабарларнинг 10 фоизидан кўпроғини ташкил қилган. Улар орасида “ОВД-Инфо”, “Медуза”, “Сирена” ва “7×7” каби нашрлар ҳам бор.

Баъзи ҳолларда мустақил ОАВда ФСБнинг ўзи ҳақида чиққан танқидий материаллар ҳам ўша куниёқ хизмат раҳбариятига тайёрланган ахборотномага киритилган.

Умуман, бир ярим йил ичида Иккинчи хизмат мингдан ортиқ ахборот манбасини кузатган. Улар қаторига федерал ва маҳаллий ОАВ, мустақил нашрлар, аноним Telegram каналлари, “Вконтакте” гуруҳлари ва YouTube каналлари кирган.

«Митинг» ва «мигрантлар жанжали» учун сигнал

“Паук”тизимида махсус калит сўзлар бўйича автоматик огоҳлантиришлар ўрнатиш имконияти ҳам бўлиши керак эди.

Техник ҳужжатда мисол сифатида “элчихона олдидаги митинг” ёки “Қозонда мигрантлар жанжали” иборалари келтирилган. Агар интернетда шу сўзлар иштирокида хабар пайдо бўлса, тизим ФСБ ходимларига Telegram боти орқали сигнал юбориши режалаштирилган.

“Шошилинч” ёки “Молния” сўзлари бор хабарларни ҳам алоҳида огоҳлантириш сифатида юбориш муҳокама қилинган.

Бу функция махсус хизматга намойишлар, миллатлараро зиддиятлар ёки бошқа воқеаларга тезкор муносабат билдириш имконини бериши мумкин эди.

Ҳар бир хабарга мавзу, тег, калит сўзлар ва унда тилга олинган шахсларнинг исмлари бириктирилиши кўзда тутилган. Ходим хабарларни беш баллик тизимда баҳолаши, таҳрир қилиши ва уларга изоҳ қолдириши мумкин эди.

Раҳбарият эса шу тизимнинг ўзида ходимга “қизиқиш уйғотган мавзу бўйича маълумотнома тайёрлаш” каби топшириқ бериши мумкин бўларди. “Паук”шу тариқа медиа-мониторинг, ахборотнома тайёрлаш ва ходимлар вазифаларини назорат қилиш тизимини бирлаштириши керак эди.

Махфий ФСБ лойиҳасида Америка технологиялари

Текширувда яна бир зиддиятли ҳолат аниқланган: ФСБ учун махфий тизим яратаётган “Микорд” хорижий, жумладан Америка компаниялари ишлаб чиққан технологиялардан фойдаланган.

“Паук”нинг амалдаги интерфейслари Figma платформасида сақланган. Махфий ҳужжатлар ва ахборотномаларни қайта ишлаш учун АҚШда ишлаб чиқилган LlamaIndex фреймворкини қўллаш режалаштирилган.

Чат-бот саволларга Meta компаниясининг Llama 2 модели ёрдамида жавоб бериши керак эди. Meta Россияда “экстремистик ташкилот” деб эълон қилинган.

ФСБ ходимларининг сунъий интеллект билан ёзишмалари эса MongoDB маълумотлар базасида сақланиши режалаштирилган. MongoDB компанияси Украинага ёрдам кўрсатишини билдирган ва Россиядаги фаолиятини тўхтатган эди.

Ким буюртма берган?

2024 йил баҳорида унчалик машҳур бўлмаган Қозоннинг “Микорд” компанияси ФСБ учун сервис ишлаб чиқиш буюртмасини олган. Деярли шу даврда унга Россия Мудофаа вазирлигининг миллионлаб фуқаролар ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ҳарбий ҳисоб реестрини яратиш ҳам ишониб топширилган.

Давлат шартномасида асосий буюртмачи сифатида ФСБнинг Ахборотни ҳимоя қилиш ва махсус алоқа марказига қарашли 43753-сонли ҳарбий қисм кўрсатилган. Асосий ижрочи “Квант” илмий-тадқиқот институти бўлган, у эса ишнинг бир қисмини “Микорд”га берган.

Ҳужжатларда лойиҳанинг якуний фойдаланувчиси ФСБнинг Иккинчи хизмати бўлганига ишора қилувчи қатор белгилар мавжуд. Иккинчи хизмат вакиллари тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг асосий босқичларида иштирок этиши, иш режаларини ҳам тасдиқлаши керак эди.

“Важные истории”нинг аввалги текширувига кўра, “Микорд”нинг федерал даражада йирик буюртмалар олиши Россиянинг собиқ алоқа вазири Николай Никифоров билан боғлиқ бўлиши мумкин. Никифоров ва “Микорд” асосчиси Александр Николаев оилалари узоқ вақт давомида биргаликда бизнес юритган. Бироқ мавжуд ҳужжатлар бундай алоқа буюртманинг берилишига бевосита таъсир қилганини қатъий исботламайди.

“Хайр, лойиҳа”

Режага кўра, “Паук”нинг биринчи босқичи 2025 йил кузида тугалланиши керак эди. Аммо шу вақтларда “Микорд”нинг вазифалар трекерида раҳбарнинг “Лойиҳа устидаги ишлар тўхтатилди” деган изоҳи пайдо бўлган.

Бошқа ходим эса: “Хайр, лойиҳа…” деб жавоб берган.

Ишлаб чиқиш жараёнидан хабардор манбанинг айтишича, “Микорд” давлат буюртмасини белгиланган муддатда бажара олмаган. Компания ишлайдиган тизимни тайёрлай олмагани сабабли лойиҳа ёпилган.

Ҳужжатларни ўрганган IT мутахассиси компания жамоасида катта тил моделлари билан ишлаш учун етарли тажриба ва малака бўлмаганини тахмин қилган.

Шу тариқа, ФСБнинг ОАВ хабарлари, мустақил журналистлар материаллари, фаоллар ҳақидаги маълумотлар ва махфий оператив базаларни ягона сунъий интеллект тизимига бирлаштириш режаси ҳозирча ишлайдиган маҳсулотга айланмаган.

Бироқ сиздирилган ҳужжатлар Россия махсус хизматлари сунъий интеллектдан фақат очиқ ахборотни таҳлил қилиш учун эмас, балки одамлар ҳақидаги тарқоқ маълумотларни бирлаштириш, норозилик кайфиятини кузатиш ва воқеаларга тезкор жавоб бериш воситаси сифатида фойдаланиш имкониятларини жиддий ўрганганини кўрсатади.