Буюк Британияда яшаётган таниқли ўзбекистонлик сиёсатшунос ва Central Asia Due Diligence раҳбари Алишер Илҳомовнинг Facebook саҳифаси у вафот этган шахс сифатида белгиланиб, «Ёрқин хотира» – хотира режимига ўтказилди. Аслида эса Илҳомов ҳаёт ва соппа-соғ. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳодиса атайлаб қилинган рақамли босим ёки қўрқитиш бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Аммо буни ким ва қандай амалга оширгани ҳозирча аниқланган эмас.

Facebook қоидаларига кўра, хотира режими инсон вафот этганидан кейин унинг саҳифасини сақлаб қолиш учун мўлжалланган. Бундай аккаунтда исм ёнида хотира ёзуви пайдо бўлади ва энг муҳими – аккаунтга одатий тарзда киришнинг имкони бўлмайди.

Шу тариқа, ижтимоий тармоқда Алишер Илҳомов ҳақида амалда ёлғон ўлим хабари пайдо бўлган.

ИЛҲОМОВ: «META’ГА ТИРИК ЭКАНИМНИ ТУШУНТИРДИМ»

Илҳомов Озодлик радиосига бу унинг Facebook аккаунти билан боғлиқ биринчи муаммо эмаслигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, 2026 йил апрелида саҳифасига кириш имкони ёпилган ва аккаунтини фақат август ойининг бошларида қайта тиклашга муваффақ бўлган.

Аммо 27 август куни сиёсатшунос яна ўз аккаунтига кира олмай қолган.

Илҳомов Meta қўллаб-қувватлаш хизматига бир неча марта мурожаат қилганини, тирик эканини тасдиқлаш учун талаб қилинган ҳужжатлар ва ҳатто ўз суратини ҳам юклаганини, аммо ҳозирча жавоб олмаганини билдирган.

ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ: БУ ҚЎРҚИТИШ БЎЛИШИ ҲАМ МУМКИН

«Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси 1 сентябрь куни махсус баёнот тарқатиб, Илҳомовнинг Facebook’да «вафот этган» деб кўрсатилиши унинг қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасблари орасида жиддий хавотир уйғотганини билдирди.

Ташкилот ҳозирча воқеа аккаунт бузиб кирилиши, Facebook’ка атайлаб ёлғон маълумот юборилиши ёки бошқа рухсатсиз аралашув натижасида содир бўлганини аниқ айтиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, ассоциация ҳодисани Илҳомовнинг жамоатчилик фаолиятига аралашишга қаратилган эҳтимолий рақамли таъқиб ва психологик босим сифатида ҳам кўриб чиқиш зарурлигини билдирган.

Ташкилот айнан кимдир бу ишни уюштиргани ҳақида далил йўқлигини қайд этиб, барча ҳолатлар текширилмагунча айбдор ёки мотив ҳақида хулоса чиқармасликка чақирган.

АККАУНТ АПРЕЛДА ҲАМ БЛОКЛАНГАН

Ҳуқуқ ҳимоячилари эътибор қаратган яна бир жиҳат – Илҳомовнинг Facebook саҳифаси 2026 йил апрелида ҳам блоклангани.

У бир неча ой давомида аккаунтига кира олмаган ва фақат август ойида уни тиклаган. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, 27 августда аккаунт яна ёпилган ва кейин саҳифа хотира режимига ўтказилган.

Ҳозирча Meta мазкур ҳолатнинг сабаби ва Илҳомовнинг аккаунти қайси маълумот асосида «вафот этган шахс» мақомига ўтказилгани юзасидан очиқ изоҳ бергани маълум эмас.

ЎЗИ ЭСА ЛОНДОНДА КЎРГАЗМА ЎТКАЗМОҚДА

Вазиятнинг ғалати томони шундаки, Facebook уни «хотира» саҳифасига айлантирган бир пайтда Илҳомов Лондондаги Willesden Galleryда ўзининг иккинчи шахсий санъат кўргазмасини ўтказмоқда.

Унинг шахсий сайтидаги маълумотга кўра, “Light and Darkness-2” номли кўргазма 17 августда очилган ва 2 сентябргача давом этади.

Илҳомовнинг ўзи вазиятга ҳазил аралаш муносабат билдириб, Facebook’сиз ҳам вақтини ёмон ўтказмаётгани ва ижтимоий тармоқлардан қисқа «рақамли танаффус» олаётганини айтган.

АЛИШЕР ИЛҲОМОВ КИМ?

Алишер Илҳомов Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар, давлат бошқаруви, коррупция, инсон ҳуқуқлари ва миллат қурилиши масалалари бўйича кўп йиллардан бери тадқиқот олиб боради.

Илҳомов 1990 йилда Ўзбекистондаги дастлабки хусусий жамоатчилик фикрини ўрганиш марказларидан бири – “Expert” марказига асос солган ва уни 2001 йилгача бошқарган. Кейин 2001–2004 йилларда Ўзбекистонда Open Society Foundation ижрочи директори бўлган.

2004 йилда Лондонга кўчиб ўтганидан кейин Open Society Foundations тизимида инсон ҳуқуқлари, Ўзбекистон, мажбурий меҳнат ва кейинчалик йирик коррупция масалалари бўйича ишлаган. У Open Society Foundations’даги фаолиятини 2021 йилда якунлаган.

2022 йил январда эса Буюк Британияда Central Asia Due Diligence таҳлил ташкилотини ташкил қилган. Ташкилот сиёсий режимлар, коррупция, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва Марказий Осиёдаги сиёсий-иқтисодий жараёнларни ўрганади.

Илҳомовнинг шахсий сайтида у 130 дан ортиқ илмий, таҳлилий ва публицистик мақола муаллифи экани кўрсатилган. Унинг тадқиқотлари давлат қурилиши, миллатчилик, бошқарув, инсон ҳуқуқлари ва постсовет Ўзбекистон тараққиёти каби мавзуларни қамраб олади. 2020 йилгача у Британияда нашр этиладиган Central Asian Survey академик журналининг халқаро кенгаши аъзоси ҳам бўлган.