Ҳарбий босим билан бир вақтда АҚШ Эронга қарши янги иқтисодий санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вашингтон яқин кунларда Эрон банкларига қарши янги санкцияларни эълон қилиши мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан ишлайдиган компаниялар, жумладан авиация соҳасидаги айрим ташкилотлар ҳам нишонга олиниши мумкин.

Бессент АҚШнинг мақсади Эрон ҳукуматига иқтисодий босимни янада кучайтириш эканини очиқ айтди. Вашингтон Эрон билан бизнес қилаётган учинчи давлатлар ва компанияларга нисбатан ҳам иккиламчи санкциялар қўллаш мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Айни пайтда Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Бишкекдаги минтақавий саммитда Вашингтон июнь ойидаги вақтинчалик келишув бўйича мажбуриятларини бажарса, Теҳрон ҳам бунга дарҳол жавобан тегишли қадамлар ташлашга тайёрлигини билдирди.

Бироқ сўнгги ҳаво зарбалари ва икки томоннинг ўзаро таҳдидлари АҚШ-Эрон можароси иқтисодий босим ва блокададан яна тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув босқичига ўтиши мумкинлигини кўрсатмоқда.