АҚШ ЭРОНГА ЯНГИ ЗАРБАЛАР БЕРДИ: ҲУРМУЗДА ВАЗИЯТ ЯНАДА КЕСКИНЛАШДИ
АҚШ Эрон ҳудудидаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси объектларига янги ҳаво зарбаларини амалга оширди. Ҳурмуз бўғозида кучайган кескинлик нефть бозорларига таъсир қилиб, кенг кўламли ҳарбий тўқнашув хавфини оширмоқда.
АҚШ 1 сентябрь куни Эрон ҳудудидаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси объектларига янги ҳаво зарбаларини бошлади. Бу воқеа Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги сўнгги тўқнашувлар яна кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликка айланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги – CENTCOM маълум қилишича, зарбалар АҚШ вақти билан соат 12:00 да бошланган ва Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси – IRGC билан боғлиқ нишонларга қаратилган.
Вашингтон ҳужумни Эрон кучларининг Ҳурмуз бўғозида тижорат кемаларига қарши ҳаракатлари ва минтақадаги америкалик ҳарбийларга ҳужум қилишга уринишлари билан изоҳламоқда.
Эрон давлат телевидениеси Ҳурмуз бўғозининг шимолида жойлашган Кешм оролида портлашлар эшитилгани ҳақида хабар берди. Эроннинг Nour News агентлиги Бандар-Аббос ва Чобаҳорда, IRNA эса Жаск ва Сирикда ҳам портлаш овозлари эшитилганини маълум қилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳронни янги жавоб зарбасидан огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, агар Эрон АҚШнинг сўнгги ҳужумига жавоб қайтарса, кейинги зарбалар янада кучли бўлади.
Эрон томони эса чекиниш нияти йўқлигини билдирмоқда. Форс агентлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакилига таяниб, АҚШ янги ҳужумларидан «афсусланиши» ҳақидаги баёнотни тарқатди.
ҲУРМУЗ БЎҒОЗИ ЯНА АСОСИЙ ХАВФ НУҚТАСИГА АЙЛАНМОҚДА
Кескинлик фонида дунё нефть бозорида ҳам нархлар кўтарилди. Ҳурмуз бўғози глобал нефть савдосининг энг муҳим йўлларидан бири ҳисобланади ва у ердаги ҳар қандай узилиш жаҳон энергия бозорига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Душанба куни кечқурун Саудия Арабистони нефтини олиб кетаётган иккита супертанкер Ҳурмуз бўғозидан чиқиб кетаётганда номаълум снарядлар билан урилган. Reuters маълумотига кўра, ҳодисалар бир-биридан бир неча дақиқа фарқ билан содир бўлган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф эса Теҳронга нефть экспортини тўхтатишга уриниш бўлса, Форс кўрфазидан бошқа давлатлар ҳам нефть экспорт қила олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.
Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий Вашингтонни музокара ўрнига ўз шартларини мажбуран қабул қилдиришга уринишда айблаб, Теҳрон ҳам ҳарбий, ҳам дипломатик имкониятларидан фойдаланишини айтган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг