АҚШ Эронга замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий технологиялар етказиб берилишини тўхтатиш мақсадида «Темир дарвоза» (Task Force Iron Gate) номли махсус гуруҳ ташкил этди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, янги тузилма Эроннинг қуруқликдаги чегаралари ва Каспий денгизи орқали амалга ошириладиган ҳарбий юк ташиш йўналишларини назорат қилишга қаратилган.

Reuters суриштирувига кўра, Эрон 2025 йил январидан буён санкцияларни айланиб ўтиб, камида 2 миллиард долларлик ҳарбий техника, портловчи моддалар ва оғир юк машиналарини импорт қилган. Юклар Россиядан Каспий денгизи орқали, Марказий Осиёдан автомобиль йўллари, Хитойдан эса ҳаво транспорти орқали етказилган.

Эрон Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Ироқ, Покистон, Туркия ва Туркманистон билан чегарадош. Шу сабабли Вашингтоннинг янги ташаббуси минтақадаги савдо ва транспорт йўналишларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШ режасини самарасиз деб баҳолади. Айрим таҳлилчилар эса Каспий денгизида АҚШ ҳарбий кучлари мавжуд эмаслиги сабабли бундай назоратни амалга ошириш қийин бўлишини таъкидламоқда.

Мутахассислар янги чоралар Россия билан кескинликни кучайтириши ва Эрон атрофидаги ҳарбий вазиятни янада мураккаблаштириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.