Шу ҳафта бошида бўлиб ўтган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг учрашувини кўриб, ўзимнинг айрим фикрларимни айтиб ўтмоқчиман.

Учрашувда тадбиркорлик субъектлари (жумладан, хусусий тиббиёт, мактабгача таълим ва умумий овқатланиш соҳаси), айниқса, Президент администрацияси, Бинес омбудсман ва Савдо-саноат палатаси вакиллари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига нисбатан беписанд муносабатни кўриш мумкин. Нимагадир аҳоли (истеъмолчи) саломатлигини ҳимоялашга қаратилган норма ва талабларини чеклаш истаги буларда кучайиб кетган, фақат бизнесга ён босишни кўриш мумкин. Ваколатли давлат органларининг ўз функцияларини бажаришига тўсиқлар қўйилаяпди. Булар аҳолига жуда ёмон сигнални бермоқда. Аҳоли қачонгача бизнес учун ўз чўнтагидан  ёки ҳаёти билан товон тўлайди?

Бошқа бир ҳуқуқий-демократик давлатда қонунларга бўлган беписандликдан кейин бу амалдорлар истеъфо берган бўлар эди. Сайланган билан тайинланганнинг фарқи шу жойда яққол кўринади.
Қуйида бу амалдорларга озгина сиёсий ва маънавий-ахлоқий дарс бериб қўямиз. Текинга, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига кўра давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Конституциянинг 65-моддасига мувофиқ давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари белгиланган бўлиб, уларнинг айримларини санаймиз: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши; халққа хизмат қилиш; давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги; инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги …
Ҳурматли амалдорлар, қани сизнинг Конституция, қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этишингиз, фақат халққа хизмат қилишингиз, мансабдор шахс сифатида фуқаролар олдида масъулиятингиз.

Яроқлилик (сақлаш) муддати ўтган, мувофиқлик сертификати йўқ, хавфсизлиги кафолатланмаган, сақлаш бўйича талаб, қоида ва меъёрларига асосан сақланмаган (бузилган, айниган, чириган, сасиган) ҳамда стандартлар, нормалар, қоидалар, техник тавсифлар, рецептуралар ва мажбурий талабларга риоя қилмасдан товарларни ишлаб чиқариш, сотиш ёки пештахталарда сақлаш, иш ва хизматларни кўрсатиш ҳолатларига кўз юмиб кетилмаслиги керак. Одамлар ўлаяпди, ахир.
Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ортида болалар ва аҳоли саломатлиги турганда, текширувга бўлган ҳеч қандай чеклов ишламаслиги керак.

«Док-1 Макс» ва МТТлардаги заҳарланиш кейслари бизга дарс бўлиши керак.
 
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров