СИРДАРЁДА МИБ ЕР СОТИШ ИШЛАРИГА ҲАМ АРАЛАШЯПТИМИ?
Сирдарё вилояти Оқолтин туманида фермер хўжалиги ери солиқ қарздорлиги баҳонасида тезкор аукционга чиқарилиб, арзон нархда сотилгани, МИБ ходимлари иштирокида ҳужжатлар сохталаштирилгани ҳақида жиддий иддаолар илгари сурилмоқда.
Сирдарё вилояти Оқолтин туманида фермер хўжалигига тегишли ер ижара ҳуқуқи атрофида жиддий саволлар туғдираётган ҳолат юзага келгани айтилмоқда. Мурожаат муаллифларига кўра, гап нафақат солиқ қарздорлиги, балки Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида ерни шошилинч тартибда аукционга чиқариш, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги эҳтимолий сохтакорлик ва ерни арзон нархда “керакли” шахсга ўтказиш ҳақида бормоқда.
86 гектар ер можароси: фермерлар камера олдида ҳужжатларни очди.
МИБ, қарз ва ер савдоси: бу видеода можаронинг яна бир томони кўринади.
Масала “Акром Носир” фермер хўжалигига тегишли ердан бошланган. Оқолтин тумани ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги 263-сон қарори билан фермер хўжалигига 86,5 гектар суғориладиган ер ажратилган. Кейинроқ, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК томонидан янги коллектор қурилиши муносабати билан ҳокимнинг 2019 йил 26 октябрдаги 2225-сон қарори қабул қилиниб, фермер хўжалигининг 11 гектар ери захирага қайтарилган.
Мурожаатда таъкидланишича, шундан кейин ҳам солиқ идоралари фермер хўжалиги зиммасига 238 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини қўйган. Фермер томони бу қарз “ҳаводан ясалган”, яъни ер майдони камайгани инобатга олинмасдан ҳисобланган, деб ҳисобламоқда.
Энг жиддий саволлар эса Мажбурий ижро бюросининг Оқолтин туман бўлими ҳаракатлари билан боғлиқ.
Мурожаатга кўра, МИБ ходими Санжарбек Усманов 2026 йил февраль ойи бошларида фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр билан Агробанк ёнида учрашиб, қарз тўланмаса, фермерга тегишли ер аукционга чиқарилишини айтган. Фермер қарздорлик сунъий шакллантирилганини, бу ҳақда унга ўз вақтида огоҳлантириш берилмаганини билдирган. Бироқ ижро ходими унга “бор-йўғи 10 миллион сўм тўланг, эрта-индин ўзимга берсангиз ҳам бўлади”, дегани иддао қилинмоқда.
Бу гап оддий ундирув талабими ёки таъмагирлик аломатими?
Фермер талаб қилинган маблағни топа олмаган. Орадан кўп ўтмай, 12 февраль куни ер ижара ҳуқуқини бекор қилиш билан боғлиқ далолатнома расмийлаштирилгани айтилмоқда. Аммо мурожаатда далолатнома атрофида ҳам жиддий шубҳалар келтирилган.
Айтилишича, далолатномада холис сифатида кўрсатилган шахслардан бири, Тўраев Элёр Алиқул ўғли, Бюрода кадрлар захирасида норасмий ёрдамлашиб юрган шахс бўлган. Иккинчи холис сифатида қайд этилган Турғунов Абдувоҳид эса воқеадан умуман хабари йўқлигини билдирган. Мурожаат муаллифлари унинг имзоси қалбакилаштирилганини таъкидламоқда ва бу ҳақда видеоёзув борлигини айтишмоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари ушбу ҳолат юзасидан Оқолтин туман прокуратурасига мурожаат қилган. Лекин мурожаатда айтилишича, прокуратура аризани кўриб чиқишга шошилмаган. Ҳатто фермер ўз важларини тушунтириш учун прокуратурага борганида, унга “керак бўлса ўзимиз чақирамиз” деган жавоб берилгани иддао қилинмоқда.
Шундан кейин жараён янада тезлашган.
МИБ Оқолтин туман бўлимининг 2026 йил 5 мартдаги “мол-мулкни электрон онлайн-аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисида”ги қарори ҳақида фермер хўжалиги раҳбари 5 апрель куни хабар топганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, хўжаликнинг амалдаги ери 75 гектар бўлган. Аммо баҳолаш ва аукцион жараёнида ер 86 гектар сифатида кўрсатилган.
Мурожаатда келтирилишича, 4,5 миллиард сўмга баҳоланган ижара ҳуқуқи аукционга 2,4 миллиард сўм бошланғич нархда чиқарилган. Аукцион натижасига кўра, 17 апрель куни ер соҳасида ишламаган, МИБ ходимларига таниш бўлган аёлга 450 миллион сўмга сотилгани иддао қилинмоқда.
Бу ерда бир нечта очиқ савол пайдо бўлади:
Нега 238 миллион сўмлик қарз учун миллиардлаб сўмга баҳоланган ер ижара ҳуқуқи шошилинч аукционга чиқарилди?
Нега фермернинг ер майдони бўйича эътирозлари инобатга олинмади?
Нега далолатномадаги холислар масаласи бўйича прокуратура тезкор текширув ўтказмади?
Нега 4,5 миллиард сўмга баҳоланган ижара ҳуқуқи якунда 450 миллион сўмга сотилди?
Нега аукцион ғолиби сифатида ер соҳасига алоқаси бўлмаган, аммо МИБ ходимларига таниш экани айтилган шахс кўрсатилмоқда?
Фермер хўжалиги томонининг таъкидлашича, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда юритилган ижро иши бўйича Бюро раҳбариятига қилинган мурожаат ҳам жавобсиз қолган. Суд эса адвокат тақдим этган далил ва исботларга етарлича эътибор қаратмагани айтилмоқда.
Бу ҳолатда гап оддий солиқ қарздорлиги ёки ижро ҳаракати ҳақида эмас. Мурожаатда келтирилган ҳолатлар тасдиқланса, бу ерда солиқ қарздорлигини сунъий шакллантириш, ижро жараёнидан босим воситаси сифатида фойдаланиш, расмий ҳужжатларни сохталаштириш ва ер ижара ҳуқуқини манфаатдор шахсга арзон нархда ўтказиш аломатлари кўринади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти, Сирдарё вилояти прокуратураси ҳамда Олий суд ушбу мурожаатда келтирилган важлар бўйича очиқ ва ҳуқуқий баҳо бериши зарур.
Яна саволлар талайгина: “Акром Носир” фермер хўжалигига ҳисобланган 238 миллион сўмлик солиқ қарзи қандай асосда шакллантирилган?
2019 йилда 11 гектар ер захирага қайтарилгани солиқ ҳисоб-китобларида инобатга олинганми?
12 февралдаги далолатномада кўрсатилган холислар ҳақиқатан ҳам жараёнда иштирок этганми?
Турғунов Абдувоҳиднинг имзоси қалбакилаштирилгани ҳақидаги иддао текширилганми?
Ер ижара ҳуқуқи нима учун 4,5 миллиард сўм баҳоланиб, 450 миллион сўмга сотилган?
Аукцион ғолибининг МИБ ходимлари билан танишлиги ҳақидаги иддаолар ўрганилганми?
Мазкур ҳолат бўйича расмий идоралардан муносабат кутамиз. Мурожаатда номи келтирилган барча шахслар ва ташкилотларга ўз позициясини билдириш ҳуқуқи сақланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг