ПЕРУДА “УСАМА ВИНЛАДЕН” ОЛИЙ ЛИГАДА ТЎП СУРМОҚДА
Перу олий дивизионида расман Усама Винладен деб рўйхатдан ўтган футболчи жамоатчилик диққат марказида. Унга 11 сентябрь ҳодисаларидан бир йил ўтиб, отаси “Усама бин Лодин”дан илҳомланиб шундай исм қўйган.
Перу футболида ғайриоддий исмга эга ўйинчи жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Мамлакат олий дивизионида тўп сураётган футболчининг расмий исми – Усама Винладен.
2002 йил 7 октябрда, 11 сентябрь терактларидан бир йил ўтиб туғилган футболчига отаси “Ал-Қоида” асосчиси Усома бин Лодин номини қўйган. Испан тилида “V” ҳарфи кўпинча “B” каби талаффуз қилиниши сабабли, “Vinladen” фамилияси эшитилишда “bin Laden”га жуда ўхшайди.
Усаманинг оиласида бундай ном қўйиш биринчи ҳолат эмас. Унинг акаси Садам Ҳусейн деб аталади – бу исм Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайнга ишора қилади. Отаси учинчи фарзандига АҚШ собиқ президенти Жорж Буш шарафига исм қўймоқчи бўлган, аммо бу фарзанд қиз бўлиб туғилган.
Қизиғи, Усама Винладен яқинда ўзи ҳам ота бўлганида, отаси яна набирасига Жорж Буш деб исм қўйишни таклиф қилган. Бироқ футболчи бу сафар оддийроқ исм танлаган.
У ҳозир Перудаги “Унион Комерсио” клубида 15-рақам остида майдонга тушади. Футболкасининг орқа қисмида фақат “Osama” ёзуви акс этган.
Футболчидан исми унга муаммо туғдирадими, деб сўралганида, у бундан ортиқча хавотир олмаслигини айтган. У ҳатто Перуда “Гитлер” исмли сиёсатчи ҳам бўлгани ва у шаҳар мэри этиб сайланганини мисол қилиб келтирган.
Усама Винладен маълум вақт исмини ўзгартириш ҳақида ўйлаганини тан олган. Аммо йиллар ўтиб, бу исмга кўникиб қолганини айтади. Нега отаси унга айнан шундай исм қўйгани ҳақидаги саволга эса футболчининг жавоби оддий: отаси бу саволдан ҳар доим қочган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг