Американинг ESPN спорт телеканали 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати иштирокчиларининг формалари рейтинги натижаларини эълон қилди.

Рейтингдан жами 105 та форма — уй, сафар ва қўшимча либослар ўрин олган. ESPN баҳосига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 7SABER бренди томонидан тайёрланган оқ рангли уй формаси 103-ўринни эгаллаган. Кўк рангли сафар формаси эса 84-ўринга жойлаштирилган.

Нашр муаллифлари сафар формасидаги миллий нақшлар, ингичка чизиқлар ва байроқ рангларидан фойдаланилган элементларни қайд этган бўлса-да, умумий баҳолашда уни юқори ўринларга муносиб деб топмаган.

ESPN рейтингида биринчи ўрин Уругвай терма жамоасининг сафар формасига берилган. Экспертлар унинг дизайни, ранглар уйғунлиги ва миллий услубни замонавий талқин қилишини юқори баҳолаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олди. Жамоа 2026 йилги мундиалда Канада, АҚШ ва Мексика майдонларида иштирок этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон формалари атрофида баҳслар аввал ҳам кузатилган. Май ойида Footy Headlines нашри 7SABER томонидан ишлаб чиқилган формалар матоси Adidas компаниясининг 2026 йилги технологиясига жуда ўхшаш экани ҳақида мақола эълон қилган эди.