Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун тақдим этилган янги формаси кутилмаган баҳсларни келтириб чиқарди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари форма дизайнини бошқа мамлакатлар ёки клублар либосларидан кўчирилган бўлиши мумкинлигини муҳокама қилмоқда. Баҳсларга асосан елка қисмидаги нақшлар ва умумий визуал ечим сабаб бўлган. Айрим кузатувчилар уни бошқа брендлар ишлатган услубларга ўхшатган.

Бу можаронинг қизиқ жиҳати шундаки, форма ишлаб чиқарувчиси бўлган 7Saber оддий спорт бренди эмас. У Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Отабек Умаров номи билан боғланади. Бренд 2019–2021 йилларда унинг ташаббуси билан яратилгани ҳақида турли манбаларда маълумотлар берилган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Жаҳон чемпионати олдидан миллий терма жамоа айнан 7Saber либосларида майдонга тушишини маълум қилган эди. Бу қарорнинг ўзи ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган, чунки кўпчилик тарихий илк мундиал учун Nike, Adidas ёки Puma каби халқаро брендлар танланишини кутганди.

Танқидчиларнинг айтишича, агар форма ҳақиқатдан ҳам бошқа дизайнлардан илҳомланган ёки уларга ҳаддан ташқари ўхшаш бўлса, бу нафақат дизайнерлик масаласи, балки давлат рамзига айланган миллий жамоа имижига ҳам таъсир қилади. Зеро, Ўзбекистон тарихда биринчи марта футбол бўйича Жаҳон чемпионатига чиққан бир пайтда мамлакат ўзини оригинал ва замонавий миллий бренд орқали намоён этиши кутилмоқда.

Ҳозирча 7Saber ҳам, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам плагиат ҳақидаги иддаоларга расман муносабат билдиргани йўқ. Аммо баҳслар яна бир муҳим саволни кун тартибига олиб чиқди: давлатнинг энг нуфузли спорт лойиҳалари нега доим ҳокимият элитасига яқин бўлган брендлар билан боғланади?

Бу саволга жавоб излаш учун футбол формаси дизайнидан кўра кенгроқ контекстга назар ташлашга тўғри келади. Чунки баҳс фақат либос ҳақида эмас – у Ўзбекистонда спорт, бизнес ва сиёсий таъсир доиралари қандай кесишиши ҳақида ҳамдир.