Франция терма жамоаси жаҳон чемпионати чорак финалида Марокашни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Учрашувда Франция сардори Килиан Мбаппе пенальтини ура олмади, аммо иккинчи бўлимда ажойиб гол уриб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.

Франция иккинчи бўлимда олти дақиқа ичида икки бор гол урди. 60-дақиқада Мбаппе жарима майдони ичига яқин ҳудуддан тўпни моҳирона айлантириб дарвозага йўллади. Орадан олти дақиқа ўтиб, Усмон Дембеле пастдан кучли зарба билан ҳисобни 2:0 етказди.

27 ёшли Мбаппе ушбу ўйинда жаҳон чемпионатларида 20-учрашувда қатнашган энг ёш футболчига айланди. Шунингдек, у жаҳон чемпионатларидаги 20-голини ҳам киритди. Мбаппе ҳозирча турнирнинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Лионель Месси билан бирга пешқадам – ҳар икки футболчи ҳисобида 8 тадан гол бор.

Франция бош мураббийи Дидье Дешам жамоаси кетма-кет учинчи марта жаҳон чемпионати ярим финалига чиқди.

“Бу кетма-кет учинчи ярим финал. Бу яхши натижа. Бу мантиқий ва табиийдек кўринади, аммо майдонда ишни бажариш керак. Пенальти масаласи қийин бўлди, айниқса, гап Килиан ҳақида кетганда. У ҳеч қачон шубҳа қилмайди. Лекин биз айнан ўзимиз истаган жойдамиз”, – деди Дешам.

Мбаппе ўйин охирида тўпиғидан зарба олгани сабабли майдондан алмаштирилди. Мураббийнинг айтишича, Франция яна бир қадам олдинга ташлади ва яна кучли тўртлик сафида.

Марокаш 2022 йилги жаҳон чемпионати ярим финалида ҳам айнан Францияга қарши ўйнаган эди. Бу сафар ҳам марокашликлар ҳужумда катта муаммоларга дуч келди. Жамоа жароҳат олган Исмоил Сайбарининг йўқлигини сезди ва 84-дақиқагача дарвозага аниқ зарба йўллай олмади.

Франция ярим финалда Бельгия ёки Испания терма жамоасига қарши майдонга тушади.