Германия миллий терма жамоаси футбол бўйича ЖЧ-2026-га тайёргарлик босқичини бошлаш учун АҚШга одатдагидан фарқли тарзда йўл олди. Бундестим Франкфуртдан Чикагога махсус чартер самолётида эмас, Lufthansa’нинг мунтазам LH434 рейсида учди.

Самолёт бортида Германия терма жамоаси аъзоларидан ташқари юзлаб оддий йўловчилар ҳам бўлган. Рейс олдидан аэропорт гейтида йўловчилар учун кутилмаган совға тайёрланди: уларга Германия миллий жамоаси футболкалари тарқатилди. Шу тариқа кўплаб йўловчилар парвозни Германия рангларида бошлашди.

Маълум қилинишича, Airbus A350-900 самолётининг business class қисми футболчилар ва жамоа штаби учун ажратилган. Оддий йўловчилар эса рейснинг қолган қисмида жойлашган.

Германия терма жамоаси Чикагода жаҳон чемпионати олдидан якуний тайёргарликни давом эттиради. Жамоа 11 июнда бошланадиган ЖЧ-2026 олдидан АҚШ терма жамоасига қарши назорат учрашувини ўтказиши режалаштирилган.