Жаҳон чемпионатида Саудия Арабистони ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан ўтказилган маросимда одатдагидан фарқли ҳолат кузатилди.

Хабарларга кўра, Саудия Арабистони томони FIFAдан қироллик байроғини майдонга — ер устига қўймасликни сўраган.

Бунга Саудия байроғида Калимаи тавҳид — исломий иймон калимаси ёзилгани сабаб бўлган. Саудия байроғи диний матнни ўз ичига олгани учун одатда алоҳида эҳтиром билан кўтарилади ва унинг ерга тегиши номақбул деб ҳисобланади. Саудиянинг байроқ бўйича расмий қоидаларида ҳам байроқ ер, сув ёки стол каби паст жойларга тегмаслиги кераклиги қайд этилган.

SportBible нашрининг ёзишича, 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги янги ўйинолди маросимида терма жамоалар байроқлари одатда майдонга ёйилади. Аммо Саудия Арабистони — Уругвай ўйинида байроқлар ерга қўйилмаган, аксинча кўнгиллилар томонидан кўтариб турилган. Нашр бу қарор Саудия байроғидаги шаҳодат калимасига ҳурмат юзасидан қабул қилинганини таъкидлаган.

Мувозанат сақлаш мақсадида Уругвай байроғи ҳам худди шундай тарзда кўнгиллилар қўлида ушлаб турилган. Бу орқали FIFA бир давлат байроғига алоҳида, иккинчисига эса бошқача муносабат билдирилгандек таассурот уйғонишининг олдини олган.

Саудия Арабистони байроғи дунёдаги энг ҳассос давлат рамзларидан бири ҳисобланади. Унда “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” калимаси ёзилгани учун байроқ ярим туширилмайди, тескари ҳолатда намойиш этилмайди ва эҳтиёт билан муомала қилинади.

Учрашувнинг ўзи 1:1 ҳисобида якунланган. Саудия Арабистони таркибида Абдуллоҳ Ал-Амрий ҳисобни очган, Уругвай эса иккинчи бўлимда Максимилиано Араухо голи билан жавоб қайтарган.