СПОРТ МАРКАЗИНИНГ БЎШАГАН ДИРЕКТОРИ НЕГА КУРСИДАН КЎНГИЛ УЗОЛМАЯПТИ?
Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ходимлари собиқ директорнинг расман ишдан кетганига қарамай, муассаса фаолиятига норасмий аралашуви, таҳдид ва таниш-билишчилик ҳолатларидан норозилик билдиришмоқда.
Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида фаолият юритувчи бир гуруҳ ходимлар жамоатчиликка аноним мурожаат йўллаб, муассасадаги айрим муаммолар ва эҳтимолий коррупция ҳолатларига эътибор қаратишни сўрашмоқда.
Мурожаатга кўра, марказнинг собиқ директори Х. Ҳусенов расман лавозимидан кетган бўлса-да, амалда ҳали ҳам ўз таъсирини сақлаб қолган. Собиқ директор марказ ҳудудига норасмий йўллар орқали кириб келиб, ходимлар орасида низоли гап-сўзлар тарқатиб, айримларга нисбатан “ишдан бўшатаман” каби таҳдидлар қилиб жамоа кайфиятига таъсир ўтказмоқда.
Ходимларнинг билдиришича, собиқ раҳбар ўзининг юқори ташкилотларда танишлари борлигини таъкидлаб, жамоада қўрқув муҳитини шакллантиришга уриняпти. Бу эса марказда соғлом иш муҳитига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилган.
Шунингдек, собиқ директор қариндошларини ишга жойлаштиришда айбланмоқда. Унинг қариндошларидан бири марказ бассейнида ишлаб, хизмат жойида қўшимча фаолият билан шуғулланяпти, дейди ходимлар. Элтузар бу шикоятларни расман тасдиқламайди, иддаолар мутасадди ташкилотлар томонидан текширилиши лозим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг