БРАЗИЛИЯНИ ҲААЛАНД ЭМАС, ЎЗИНИНГ СОЯСИ ЙИҚИТДИ
ЖЧда навбатдаги сенсация: Бразилия Норвегиядан мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди. Мақола Ҳааланднинг дубли, Нюланднинг сэйвлари ва бразиллар ички муаммолари натижани қандай белгилаб бергани ҳақида.
Ўтган тун футбол бўйича Жаҳон чемпионатида навбатдаги сенсацияга гувоҳ бўлдик: Бразилия Норвегиядан 2:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. Тўғри, бир қарашда бу сенсация. Аммо ўйинни диққат билан кузатганлар учун бу натижа осмондан тушган чақмоқ эмас, балки анчадан бери йиғилиб келган муаммоларнинг портлаши бўлди.
Беш карра жаҳон чемпиони – Бразилия ўзининг улуғ номи билан майдонга тушди, Норвегия эса режа билан. Карло Анчелотти шогирдлари тўпни ушлаб туришди, юлдузлар етарли эди, майдонда Винисиус, Неймар, Энрик каби номлар бор эди. Лекин футболда ном эмас, қарор, тезлик ва совуққонлик ютади. Норвегия айнан шуни қилди.
Ўйиннинг қаҳрамони, албатта, Эрлинг Ҳааланд бўлди. У 79-дақиқада боши билан ҳисобни очди, 89-дақиқада эса иккинчи голни қойилмақом қилиб урди. Шу билан унинг турнирдаги голлари сони 7 тага етди. Аммо Норвегия ғалабасини фақат Ҳааландга боғлаш керак эмас. Дарвозабон Орян Нюланд биринчи бўлимда Бруно Гимарайншнинг пенальтисини қайтарди, кейин эса Бразилиянинг бир нечта хавфли вазиятларини йўққа чиқарди.
Неймар қўшимча вақтда пенальтидан гол урди. Аммо бу гол Бразилияни қутқармади, аламини кучайтири. Жаҳон матбуоти бу ўйинни “Бразилиянинг энг эрта йиқилишларидан бири” сифатида баҳоламоқда. Ҳақиқатан ҳам, беш карра жаҳон чемпиони 1990 йилдан бери илк бор чорак финалга ҳам ета олмади.
Хўш, Бразилия футболи қаерда қолди? Бу жамоада иқтидор бор, техника бор, бренд бор. Лекин катта ўйинларда характер йўқолгандай. Аввал Хорватияга пенальтилар сериясида аламли мағлубият, энди эса Норвегияга қарши руҳсиз ўйин. Бразилия энди рақибларни қўрқитадиган афсона эмас, балки ўзига қарши ўйнайдиган катта номга айланиб бормоқда.
Норвегия учун эса бу тарихий кеча. Кичик футбол мамлакати деб қаралган жамоа Бразилияни йиқитди ва биринчи марта ЖЧ чорак финалига чиқди. Ҳааланд ва Эдегор авлоди энди шунчаки “яхши таркиб” эмас, балки катта саҳнада натижа қила оладиган жамоа эканини исботлади.
Бразилия кетди. Норвегия қолди. Замонавий футболда тарих эмас, ҳозирги форма ғалаба қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг