Жаҳон чемпионатида қизил карточка олган футболчи кейинги ўйинни ўтказиб юборади – бу қоида йиллар давомида футболда деярли шубҳасиз ҳақиқат сифатида қабул қилиб келинарди. Аммо АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Флориан Балогун атрофидаги сўнгги қарор бу тасаввурни издан чиқарди.

Би-би-си хабарига кўра, Балогун Босния ва Герцеговинага қарши 1/32 финал ўйинида майдондан четлатилган бўлса-да, у душанба куни Бельгияга қарши 1/8 финал баҳсида майдонга тушиши мумкин. Ушбу қарор FIFA интизом қўмитаси томонидан қабул қилинган ва амалда қизил карточка оқибатидаги дисквалификация бекор қилинганини англатади.

Балогун ҳозирча АҚШ терма жамоасининг ушбу чемпионатдаги энг сермаҳсул футболчиси ҳисобланади. У турнирда 3 та гол урган.

Бу ҳолат ЖЧ тарихида жуда кам учрайдиган воқеа. Би-би-си маълумотига кўра, Жаҳон чемпионатлари тарихида 189 марта қизил карточка кўрсатилган, аммо шундан фақат икки футболчи кейинги ўйин дисквалификациясидан қутулиб қолган.

Бундай ҳолат аввал 1962 йилда содир бўлган. Ўшанда Бразилия юлдузи Гарринча Чилига қарши ярим финалда майдондан четлатилган, бироқ Чехословакияга қарши финалда ўйнашга рухсат олган. Аммо ўша даврда ҳозиргидек автоматик дисквалификация қоидаси бўлмаган, қарор махсус қўмита томонидан ҳакамлар далиллари асосида қабул қилинган.

1962 йилдаги қарор ҳам сиёсий аралашув ҳақидаги иддаолар соясида қолганди. Энди Балогун бўйича қарор ҳам янги саволларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, АҚШ ЖЧ мезбонларидан бири экани, FIFA раҳбари Жанни Инфантино ва Оқ уй ўртасидаги яқин алоқалар фонида бу қарор футбол жамоатчилигида муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир нечта хабарларда АҚШ президенти Дональд Трамп шу ҳафта FIFA президенти Жанни Инфантино билан боғланиб, Балогуннинг қизил карточкасини қайта кўриб чиқишни сўрагани айтилмоқда.  Ушбу хабарларни ҳозирча мустақил манбалар тасдиқламади.

Агар Балогунга истисно қилинган бўлса, нега ушбу Жаҳон чемпионатида қизил карточка олган бошқа 11 футболчи дисквалификацияни ўтаб бўлди?

Бу қарор футболда янги прецедент яратиши мумкин. Энди клублар ва терма жамоалар қизил карточкадан кейинги дисквалификацияни қисқартириш ёки бекор қилдириш учун кўпроқ апелляция бериши эҳтимоли бор.

Телевидение трансляцияларида қизил карточкадан кейин “кейинги ўйинни ўтказиб юборади” деган ёзув чиқса, энди футбол мухлислари бунга аввалгидек ишонч билан қарамаслиги мумкин.

Балогун иши FIFA учун ҳам, Жаҳон чемпионати учун ҳам жиддий савол қолдирмоқда: бу адолатли қарорми ёки мезбон жамоага берилган фавқулодда имтиёзми?