АНДИЖОНЛИК ФУТБОЛ МУХЛИСЛАРИ: «АНДИЖОН ФУТБОЛИ БОШИ БЕРК КЎЧАГА КИРИБ ҚОЛДИ»
Андижон футбол ассоциацияси охирги мавсумда кескин пасайган натижалар, молиявий айбловлар ва Бегзод Каримов номи атрофидаги баҳслар билан кун тартибида. Мухлислар ва мутахассислар жавобгарлик ва текширув талаб қилмоқда.
Андижон вилоятидаги футбол мухлислари Элтузар орқали Андижон футбол ассоциацияси раҳбари Бегзод Каримов фаолияти юзасидан кескин мурожаат билан чиқиш қилди.
Мурожаатда айтилишича, мухлислар Андижон футбол клубидаги бугунги ҳолатдан жиддий норози. Улар клуб раҳбариятини футбол тизимини издан чиқаришда, вилоят ҳокимлиги томонидан соҳани ривожлантириш учун қилинган саъй-ҳаракатларни самарасиз қолдиришда айбламоқда.
«Андижонда футбол шу даражагача тушиб кетдими? Бабаян кетди, лекин клуб бутунлай боши берк кўчага кириб қолди», дейилади мурожаатда.
Мухлислар, шунингдек, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва вилоят раҳбарияти ишонч билдирган масъуллар бу ишончни оқламаганини таъкидламоқда.
Уларнинг фикрича, бугунги вазият нафақат тизимга, балки минглаб футбол ишқибозларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади.
Мурожаатда яна бир қатор жиддий иддаолар ҳам тилга олинган. Хусусан, Америка сафари учун тузилган рўйхатга киритилган айрим футболчилардан пул талаб қилингани ҳақида гап-сўзлар юраётгани айтилган. Шу билан бирга, футбол учун ажратилган маблағлар ҳисобига қимматбаҳо дўконлардан харидлар қилингани ва исрофгарчилик ҳолатлари бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалаётгани билдирилган.
Мухлислар мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан текширув ўтказилишини сўрамоқда.
«Бугун мухлислар орасида жиддий хавотир бор. Юртимиз раҳбари футболга алоҳида эътибор қаратаётган бир пайтда, футбол тизими шахсий манфаатлар йўлида ишлатилаётгани ҳақида шубҳалар кучаймоқда», дейилади мурожаатда.
Мурожаат сўнгида Андижон вилояти раҳбариятидан футбол атрофидаги вазиятга аралашиш, адолатни тиклаш ва мухлислар ишончини қайтариш сўралган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг