ПЕКИННИНГ ЎЗГАРАЁТГАН СИЁСАТИ ВА ҚОЗОҒИСТОННИНГ МИНЕРАЛ РЕСУРСЛАР БЎЙИЧА СТРАТЕГИЯСИ
Хитойнинг стратегик минераллар экспорти бўйича чекловларни вақтинча юмшатиши Европа, Марказий Осиё ва хусусан Қозоғистон учун қандай имконият ва хатарлар яратади? Мақолада ЕИ сиёсатининг заиф жойлари ва Қозоғистоннинг минерал ресурслар стратегияси таҳлил қилинади.
Душанба куни, амалдаги муддат тугашига бир кун қолганда, Хитой айрим стратегик аҳамиятга эга минераллар экспортига қўйилган чекловларнинг амал қилишини 2027 йил 10 январгача тўхтатиб туришини ва шу муддатгача АҚШ товарларига нисбатан божларни пасайтиришини эълон қилди. Бу Европа ишлаб чиқарувчилари учун енгиллик, чунки Европа Иттифоқи тозаланган нодир ер элементларининг 90 фоизини, нодир ер элементларидан тайёрланган доимий магнитларнинг эса қарийб 98 фоизини Хитойдан импорт қилади. Бироқ етти турдаги оғир нодир ер элементи экспортига Пекин жорий этган лицензия талаблари ўз кучида қолди. Шу боис енгиллик қисман бўлди, Хитойга қарамлик эса сақланиб қолди.
Қозоғистон бу вақтинчалик енгилликни огоҳлантириш сифатида қабул қилиши керак. Шу ҳафта The Astana Times нашрида чоп этилган таҳлилий мақолага кўра, Европанинг Хитойга қарамликни камайтириш учун таъминот манбаларини диверсификация қилишга интилиши Марказий Осиё учун имкониятлар очади. Аммо Европа Иттифоқи минтақани шунчаки навбатдаги хомашё манбаи деб билса, бу имкониятлар иқтисодий наф келтирмаслиги мумкин. ЕИнинг минтақа тараққиётига сармоя киритишга тайёрлиги кўп жиҳатдан вазиятга боғлиқ. Пекин экспорт сиёсатини қатъийлаштирган пайтдагина бундай сармояга эҳтиёж долзарблашади.
Бу масалага шошилинч вазифа сифатида қаралмаётгани Европа Иттифоқи сиёсатида ҳам кўринади. ЕИнинг стратегик аҳамиятга эга хомашё тўғрисидаги қонуни 2030 йилга бориб бундай хомашёнинг бир мамлакат ҳиссасига тўғри келадиган улушини 65 фоиздан оширмасликни кўзда тутади. Аммо танқидчилар қонунда бюджет маблағларини ажратиш ва уни амалга ошириш бўйича аниқ чоралар етишмаслигини айтишади. Қолаверса, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши юмшаган ҳар гал ЕИнинг ҳушёрлиги ҳам сусайгандек кўринади. Эълон қилинган режалар эса ҳар доим ҳам сармояга айланавермайди. Брюссель 2025 йилги баёнотида Global Gateway ташаббуси доирасида Марказий Осиёга 12 миллиард еврогача сармоя киритишга ваъда берган эди. Аммо Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ўртасидаги яқинда ўтказилган учрашувдан сўнг сармояга оид мажбуриятлар, маблағ миқдори ёки муддатлар эълон қилинмади.
Шунинг учун Астана ва қўшни давлатлар Брюсселнинг таъминот борасидаги хавотири кучайган ойлардан фойдаланиб, узоқ муддатли сармоя ва тараққиёт бўйича аниқ мажбуриятларни олишга интилиши керак. Аввало, Қозоғистон минералларни мамлакатнинг ўзида қайта ишлашга устувор аҳамият бериши лозим. Сентябрда Германия ва Қозоғистон саноат ҳамкорлиги, қазиб олиш ва қайта ишлашга қаратилган 2026–2028 йиллар учун йўл харитасини маъқуллади. Германиянинг HMS Bergbau AG компанияси ҳам литий қазиб олиш ва уни қайта ишлаш корхонасини қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳа ҳозирча геологик қидирув босқичида. Булар узоқ жараённинг муҳим дастлабки қадамлари. Астана ҳамкорларнинг узоқ муддатли мажбуриятларини мустаҳкамлашга эътибор қаратиши керак.
Қозоғистон келажакда ишлаб чиқариладиган маҳсулотни узоқ муддат харид қилиш шартномалари асосида молиялаштиришга эришиши керак. Масалан, Қозоғистондаги АҚШ билан боғлиқ вольфрам лойиҳасини 1,6 миллиард долларгача молиялаштиришга қизиқиш билдирилган хатлар келиб тушган эди. Кейинчалик лойиҳанинг рентабеллиги ва геосиёсий хатарлар борасидаги хавотирлар туфайли қизиқиш сусайди. Қолаверса, харидорлар ўртасидаги рақобат Марказий Осиёнинг беш давлати умумий минимал шартларни белгилаб, харидорларга уларни бир-бирига қарши қўйиш имконини бермаган тақдирдагина минтақанинг музокаралардаги мавқеини кучайтиради. Ўтган ой Авазада ўтган Марказий Осиё етакчилари учрашувида билдирилган қўшма мақсадлар асосан ният даражасида қолди. Марказий Осиё Хитой капитали ва бозорларига қарамликдан тўлиқ қутула олмаса-да, Қозоғистон каби давлатлар соҳа устидан институционал назоратни сақлаши, ҳамкорлар доирасини кенгайтириши ва ЕИ каби сармоядорларни жалб қилиб, улар билан узоқ муддатли келишувлар орқали миллий манфаатларини илгари суриши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг