Ўнлаб йиллар давомида Марказий Осиёнинг энг катта геосиёсий устунликларидан бири – ҳеч бир куч маркази минтақадан қатъий равишда бир томонни танлашни талаб қилмагани эди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари Россия, Хитой, Европа ва АҚШ билан муносабатларни бир вақтнинг ўзида ривожлантиришга имкон берувчи кўп векторли сиёсатни ўз ташқи сиёсатининг асосий тамойилига айлантирди.

Аммо Украинадаги уруш бу мувозанатни аста-секин ўзгартирмоқда.

Россия иқтисодиёти уруш босимини тобора кучлироқ ҳис қиляпти. 12 сентябрь куни Украина қуролли кучлари Россия ҳудудидаги бир қатор ҳарбий ва саноат объектларига, жумладан резина заводи, FPV-дрон ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳаво мудофааси билан боғлиқ объектларга дрон зарбалари берди. Бундай ҳужумлар эндиликда камёб ҳолат эмас. 2026 йилги таҳлилга кўра, фақат январь-март ойларида Россия ҳудудига 3 364 та дрон зарбаси қайд этилган.

Шу билан бирга, Москва санкцияларнинг бир қисмини айланиб ўтиш ва параллел импорт, жумладан Марказий Осиё орқали келадиган товарларга таянишга муваффақ бўлаётган бўлса-да, айрим ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилга келиб Россия ялпи ички маҳсулоти уруш бошланганидан олдинги эҳтимолий траекторияга нисбатан 10–12 фоиз паст бўлган.

Бу шароит Россияни ишлаб чиқариш қувватларининг айрим қисмларини хавфсизроқ ҳудудларга кўчириш имкониятларини излашга мажбур қилмоқда. Шу нуқтаи назардан Қозоғистон ва Ўзбекистон Москва учун тобора муҳимроқ шерикка айланиши мумкин.

Россия президенти Владимир Путин яқинда Астана ва Тошкент билан ҳарбий-техник ҳамкорликка оид келишувларни янгилаш бўйича кўрсатмалар берди. Бу жараён Россия ҳарбий-саноат тизимининг айрим бўғинларини бевосита уруш хавфи юқори бўлган ҳудудлардан ташқарига чиқариш имконини ҳам кенгайтириши мумкин.

Бир қарашда, бу Қозоғистон ва Ўзбекистон учун янги инвестиция, иш ўринлари ва саноат буюртмалари дегани. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликнинг кенгайиши Ғарб давлатларининг санкцияларни четлаб ўтиш каналларига қарши назоратини янада кучайтириши мумкин.

Ҳозирнинг ўзидаёқ икки давлатда Россия ва совет даврида ишлаб чиқарилган техникага хизмат кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Қозоғистондаги Semey Engineering зирҳли техникаларни таъмирлаш билан шуғулланади, Олмаотада авиация таъмирлаш корхонаси фаолият юритади. Ўзбекистонда эса Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи совет русумидаги самолётларни таъмирлаш имкониятига эга. Бу объектлар ҳақида Озодлик ҳам ёзган.

Шу тариқа, Астана ва Тошкент учун янги ва анча ноқулай вазифа пайдо бўлмоқда. Улар энди фақат Москва, Пекин ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлаш билан чеклана олмайди. Энди Россия билан қонуний иқтисодий ҳамкорликни давом эттириш билан бирга, санкция остидаги товарлар, технологиялар ва икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг Россияга ўтиб кетмаслигини ҳам назорат қилишлари талаб этилади.

Бошқача айтганда, Марказий Осиё давлатлари оддий шерикдан тобора кўпроқ «дарвозабон» ролини бажаришга мажбур бўляпти.

Бу ҳолат минтақадаги мавжуд иқтисодий қарамликларни янада мураккаблаштирмоқда. Электр энергиясига талабнинг ўсиши, иқлим омиллари ва сунъий интеллект учун қурилаётган янги маълумот марказлари туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Россиядан келадиган нефть ва газ ресурсларига эҳтиёжи ҳам ошиб бормоқда.

Савдо соҳасида ҳам вазият шунга ўхшаш. Хитой ва Россия Қозоғистон ҳамда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари қаторида қолмоқда.

Айни пайтда Пекиннинг минтақадаги иқтисодий ва технологик таъсири ҳам тез кучайяпти. Хитой Марказий Осиёда сунъий интеллект, маълумотларни қайта ишлаш инфратузилмаси ва бошқа стратегик соҳаларга фаол кириб келмоқда. Бу эса қисқа муддатда инвестиция ва технология олиб келса-да, узоқ муддатда янги турдаги қарамликларни шакллантириши мумкин.

Муаммо шундаки, Хитойнинг ўзи ҳам Россиянинг Ғарб санкцияларини айланиб ўтишида муҳим иқтисодий каналлардан бири сифатида кўрилади. Шу сабаб Пекин билан савдо алоқаларининг чуқурлашиши ҳам Марказий Осиё давлатларини Ғарбнинг қўшимча эътибори остига олиб келиши мумкин.

Натижада Қозоғистон ва Ўзбекистон тобора мураккаб геоиқтисодий муҳитда ҳаракат қилмоқда. Бир куч марказига маъқул келадиган қарор бошқаси билан муносабатларда қимматга тушиши мумкин.

Россиянинг заифлашиши ва халқаро яккаланиши Астана ва Тошкентга маълум даражада янги дипломатик манёвр имкониятини очяпти. Аммо бу эркинлик мутлақ эмас. Россия билан энергетика, савдо ва хавфсизлик соҳасидаги алоқалар, Хитой билан ўсиб бораётган иқтисодий боғлиқлик ва Ғарб билан муносабатларни сақлаш зарурати уларнинг ҳаракат майдонини жиддий чеклаб туради.

Шу боис Марказий Осиё учун энг муҳим масалалардан бири муқобил йўлларни кўпайтириш бўлиб қолмоқда. Ўрта йўлак орқали Европа билан савдони кенгайтириш, Ғарб давлатлари ва бошқа ўрта кучлар билан алоқаларни чуқурлаштириш Россия ва Хитойга бўлган ортиқча қарамликни қисман камайтириши мумкин.

Аммо Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «ўрта куч» сифатидаги мақомини сақлаб қолиши уларнинг ҳар бир қадамни ҳисоб-китоб билан босишига боғлиқ бўлади. Бу давлатлар ўз географик жойлашуви, транспорт йўллари, энергия ресурслари ва сиёсий аҳамиятидан заифлик эмас, музокара воситаси сифатида фойдалана олиши керак.

Украина уруши бир нарсани тобора аниқ кўрсатмоқда: Россиянинг Марказий Осиёга бўлган эҳтиёжи ортмоқда. Аммо шу билан бир вақтда Марказий Осиёнинг Москва билан алоқалари ҳам аввалгидан кўра хавфлироқ ва қимматроқ бўлиб бормоқда.

Санкциялар, уруш ва рақобатчи геосиёсий блоклар даврида энг оғир танловни кўпинча катта кучларнинг ўзи эмас, балки уларнинг ўртасида қолган давлатлар қилишга мажбур бўлади.