Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида ўзбек мобил операторлари SIM-карталаридан фойдаланаётган аҳолига нисбатан рейдлар ўтказилмоқда.

Озодликнинг туркман хизмати – «Азатлик» маълумотига кўра, Дашовуз вилоятида полиция ходимлари фуқароларнинг мобил телефонларини текшириб, улардан топилган ўзбек SIM-карталарини мусодара қилмоқда.

Хорижий SIM-картадан фойдаланган фуқаролар жаримага тортилмоқда. Маҳаллий манбалар айрим аҳоли вакилларига 50 минг манатгача жарима солиш ёки қамоқ жазоси қўллаш билан таҳдид қилинаётганини билдирган.

Чегарага яқин ҳудудларда яшовчилар эса ўзбек SIM-карталаридан фойдаланишга мажбур бўлаётир. Уларнинг сўзларига кўра, Туркманистон мобил интернети айрим ҳудудларда ишламайди ёки алоқа сифати жуда паст.

Телефонда ўзбек SIM-картаси чиқса — жарима ёки қамоқ билан таҳдид. Туркманистоннинг чегара ҳудудларида бошланган рейдлар ҳақида видеода батафсил.

Манбалар рейдлар Гўрўғли туманида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарлар мустақил нашрларда тарқалганидан кейин бошланганини таъкидламоқда.

Полиция ва хавфсизлик идоралари мазкур маълумотлар ўзбек SIM-карталари орқали интернетга узатилган, деган хулосага келгани айтилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идораларида хорижий SIM-карталарни масофадан туриб аниқлайдиган махсус техник воситалар йўқлиги хабар қилинмоқда. Шу сабабли полиция асосан маҳаллий ахборот берувчилар тақдим этган маълумотларга таянаётгани айтилган.

Туркманистонда интернет тезлигининг пастлиги ва мобил алоқа сифатининг ёмонлиги кўп йиллардан бери танқид қилиб келинади. Мамлакатда кўплаб веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва интернет хизматлари блокланган.

Кузатувчиларга кўра, алоқа сифатини яхшилаш ўрнига, хорижий SIM-карталардан фойдаланаётган аҳолини жазолаш йўли танланаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.