ТУРКИЯ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ АЛИФБОСИНИ ОЛҚИШЛАДИ
Туркия ҳукумрон партияси вакил Кюршад Зўрлу Ўзбекистонда лотин алифбосини такомиллаштириш ҳақидаги янги қарорни олқишлаб, уни туркий давлатлар ўртасида тил яқинлашувини кучайтирувчи муҳим қадам сифатида баҳолади.
Туркия ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) раиси ўринбосари, партиянинг Туркий давлатлар билан алоқалар бўйича раҳбари Кюршад Зўрлу Ўзбекистонда лотин алифбосини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган янги қарорни олқишлади.
Зўрлунинг таъкидлашича, Ўзбекистон Сенати маъқуллаган ўзгаришлар мамлакатнинг Туркия ва бошқа туркий давлатлар билан тил жиҳатдан яқинлашувини кучайтиришга хизмат қилади. Туркия ОАВлари унинг бу қарордан «катта мамнуният» билдирганини хабар қилмоқда.
Янги тартибга кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат алифбо назарда тутилмоқда. Бу параметрлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг расмий ахборотида ҳам қайд этилган.
Энг катта ўзгаришлардан бири – ҳозир икки белги орқали ёзилаётган айрим ҳарфларни битта белгига ўтказиш.
Таклиф этилаётган шаклда:
Gʻ gʻ → Ğ ğ
Oʻ oʻ → Ö ö
Sh sh → Ş ş
Ch ch → Ç ç
тарзида ёзиш кўзда тутилган. Бу ўзгаришлар ёзувни соддалаштириш, компьютер ва рақамли платформаларда ўзбек тилидан фойдаланишдаги техник қийинчиликларни камайтиришга қаратилган.
Зўрлунинг фикрича, Ўзбекистондаги алифбо ислоҳоти умумий туркий алифбони шакллантириш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан ҳамоҳанг.
«Биз тил бирлигимизни мустаҳкамлайдиган ишларга катта аҳамият берамиз», – деган туркиялик сиёсатчи.
У шу муносабат билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған 2025 йил 7 октябрда умумий туркий алифбода тайёрланган илк асарни туркий давлатлар раҳбарларига тақдим этганини ҳам эслатган.
Зўрлу Ўзбекистоннинг қарийб 40 миллионлик аҳолиси ва стратегик мавқеини тилга олиб, Тошкентнинг бу йўналишдаги қарорини бутун туркий дунё учун муҳим деб баҳолаган.
У шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, алифбо ислоҳотини «қардош Ўзбекистон ва туркий дунё учун хайрли қадам» деб атаган.
Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган алифбони такомиллаштириш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилиб келинади. Янги ўзгаришларнинг асосий мақсадларидан бири «бир товуш – бир ҳарф» тамойилини кучайтириш, ёзувни соддалаштириш ва ўзбек тилининг рақамли муҳитда қўлланишини енгиллаштириш сифатида кўрсатилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг