РОССИЯДАГИ БЕНЗИН ТАНҚИСЛИГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?
Россияда бензин танқислиги нефтни қайта ишлаш ҳажми қисқариши ва экспорт чекловлари фонида кучаймоқда. Муаммо Ўзбекистон бозорига қай даражада таъсир қилиши, нархлар қай йўсинда ўзгариши мумкинлиги таҳлил қилинди.
Россия президенти Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги телефон мулоқотида савдо-иқтисодий ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу музокаралар фонида Россиянинг Қозоғистондан тахминан 50 минг тонна АИ-92 бензини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Россия ўзи бошлаган урушнинг шу палласида бензин экспортчисидан бензин қидириб юрган ҳаридорга айланди. Сўнгги ойларда нефтьни қайта ишлаш заводларига қилинган Украина ҳужумлари ва режадан ташқари таъмирлаш ишлари натижасида бензин ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 25 фоизга қисқарди. Шу сабаб Россия ички бозорни таъминлаш учун бензин экспортини чеклади, кўплаб ҳудудларда сотув лимитлари жорий қилинди ва ҳатто импортни қисқартиришни кўриб чиқмоқда.
Бу ҳолат Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли. Мамлакат бензиннинг бир қисмини Россиядан импорт қилади. Агар Россия ички бозорни таъминлашни устувор вазифа деб билса, экспорт ҳажми қисқариши ёки етказиб бериш қийинлашиши мумкин. Ички бозорда таклиф камайиши улгуржи нархларга босим ўтказади.
Бироқ ҳозирча Ўзбекистонда бензин нархлари кескин ошиб кетади, деган хулосага келиш учун асос йўқ. Нархларга жаҳон нефть нархи, логистика, давлат сиёсати, ички захиралар ва бошқа импорт манбалари ҳам таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, Россиядаги танқислик чўзилиб, экспорт чекловлари узоқ муддат сақланса, бу Марказий Осиё бозорига ҳам босим ўтказиши ва Ўзбекистонда ёқилғи нархларининг босқичма-босқич қимматлаши эҳтимолини ошириши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг