Қозоғистонда Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлиши юзасидан мамлакат Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони Канат Ниязбеков ҳибсга олинди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, у хизмат вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиш гумони билан ушланган. Суд санкцияси асосида Ниязбеков қамоққа олинган, тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, фожиа 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида ўтказилган «Хазар Қорғани – 2026» ҳарбий машғулотлари пайтида содир бўлган эди. Об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ва кучли шамол оқибатида 17 нафар ҳарбий Каспий денгизига оқиб кетди.. Уларнинг уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлди.

Ҳодиса ортидан аввалроқ Мудофаа вазирлиги тизимидаги яна беш нафар мансабдор шахс қўлга олинган. Шунингдек, президент Қосим-Жомарт Тоқаев 3 октябрь куни Ниязбековни Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони лавозимидан озод этди. Қозоғистон Мудофаа вазирлигида ўтказилган текширувда машғулотларни тайёрлаш ва режалаштиришда жиддий камчиликлар аниқланди.