Афғонистонда Қўштепа канали қурилиши ва унинг бутун Марказий Осиё минтақаси учун оқибатлари бўйича олиб борган кенг қамровли тадқиқотимиз натижалари ушбу таҳлилий мақолада тақдим этилади.

2021 йил август ойида АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг мамлакатда қатъий диний бошқарув тизимини ўрнатган Толибон ҳаракатининг Қўштепа каналига оид расмий ҳужжатларини ўрганиш шуни кўрсатадики, мазкур лойиҳа «Афғонистон шимолидаги 285 километрлик улкан суғориш лойиҳаси бўлиб, Амударё сувининг бир қисмини йўналтириш орқали 550 минг гектардан зиёд қурғоқ ерни қишлоқ хўжалиги учун яроқли майдонга айлантиришни кўзда тутади».

Лойиҳанинг умумий тавсифи ва техник хусусиятларига кўра, канал Балх вилоятининг Калдор туманидан бошланади, Жавзжон вилояти орқали ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманида якунланади. Унинг узунлиги тахминан 285 километр, эни қарийб 100 метр, чуқурлиги эса 8,5 метрни ташкил этади.

Канал орқали 550 минг гектардан зиёд ерни суғориш, минглаб иш ўринлари яратиш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш мақсад қилинган. Қурилиш ишлари Толибон маъмурияти томонидан 2022 йилда бошланган бўлиб, 2026 йил ўрталарига келиб иккинчи босқич якунланиш арафасида эди. Лойиҳанинг тўлиқ битказилиши 2026 йил охиридан 2028 йилгача бўлган даврда кутилмоқда.

Ушбу рақам ва маълумотларни инобатга олган ҳолда, Толибон ҳукумати вакиллари ҳамда оддий афғонлар Қўштепа канали қурилишининг тўлиқ якунланиши қурғоқчиликдан азият чекаётган ерларни қайта жонлантириш ва Афғонистон иқтисодиётини тиклаш нуқтаи назаридан мамлакат учун катта умид манбаи бўлишини таъкидламоқда.

Бироқ бу танганинг фақат бир томони. Унинг иккинчи томони эса Толибон ҳукумати ва Афғонистон аҳолиси томонидан деярли эътиборсиз қолдирилаётгандек кўринади.

Carnegie Russia-Eurasia Center маълумотига кўра:

«Қўштепа канали қурилиши якунланиши биланоқ Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланишнинг нозик мувозанати бузилади. Илгари Амударё сувидан асосан Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон фойдаланиб келган. Энди эса унинг сувини Афғонистон билан ҳам бўлишишга тўғри келади. Марказий Осиё мамлакатларида ҳозирнинг ўзида жиддий сув танқислиги мавжуд. Илгари бу муаммо кўпроқ қишлоқ хўжалигига таъсир қилган бўлса, эндиликда маиший эҳтиёжлар ва ҳатто ичимлик суви учун ҳам сув етишмовчилиги тобора кучаймоқда».

Толибон ҳукумати Қўштепа канали қурилиши тугаллангач, Амударёдан ҳар йили 10 миллиард куб метр сув олишни мақсад қилган.

Тарихда Окс номи билан ҳам маълум бўлган Амударё Марказий Осиёнинг энг узун дарёси ҳисобланади ва минтақа сув ресурсларининг 80 фоизини таъминлайди. У Афғонистоннинг Ҳиндукуш тоғлари ва Помир баландликларидаги Вахон ҳудудидан бошланиб, Афғонистон билан унинг шимолий қўшнилари – Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги тахминан 1 120 миллик чегаранинг катта қисми бўйлаб оқади.

Қўштепа каналининг Марказий Осиё давлатлари учун эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги саволимизга жавоб берган Суонси университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари ва сув хавфсизлиги бўйича эксперти биз билан қуйидаги прогнозини ўртоқлашди:

«Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Афғонистоннинг ушбу канални қуриш борасидаги суверен ҳуқуқини тан олаётгани ва айниқса Ўзбекистон етакчилигида дипломатик босиқлик намоён этаётганига қарамай, мен ҳозирги вазиятни [қонли] бўрон олдидан ҳукм сурадиган сукунатга ўхшатган бўлардим. Чунки бу уч давлат, шунингдек, бутун минтақа ва унинг аҳолиси аллақачон ичимлик суви танқислиги чегарасида турибди.

Иккинчидан, Толибон – жангариларининг профессионал маҳорати ва ҳарбий чидамлилиги АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалициясига қарши йигирма йиллик уруш давомида шаклланган қуролли ҳаракат. Шу сабабли ҳозирча Марказий Осиё давлатларининг бирортаси армияси ҳам реал жанг тажрибаси борасида Толибон ва унинг ҳарбий қаноти билан тенглаша олмайди. Марказий Осиё давлатларига ўз ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш ва ҳарбий салоҳиятини ошириш учун вақт зарур. Шунинг учун улар дипломатик босиқлик кўрсатишга мажбур».

Шунга ўхшаш фикрни Абердин университетида фаолият юритувчи постсовет тадқиқотлари ва уруш масалалари бўйича яна бир эксперт ҳам билдирди:

«Ҳозир Толибон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар дипломатия асосида қурилмоқда. Аммо Марказий Осиё ва Толибон ўртасидаги мазкур дипломатик мойиллик қанчалик барқарор бўлиши асосий саволдир.

Шуни ҳисобга олиш керакки, Толибон дунёдаги ягона супердавлат ва унинг иттифоқчиларини Афғонистонда якка ўзи мағлуб этганига ишонади ҳамда Хуросондан Мовароуннаҳргача ўз бошқарув шаклини ёйишни илоҳий ва тарихий мажбурият деб билади.

Марказий Осиёдаги режимлар эса дипломатик босиқлик кўрсатаётганига қарамай, Толибон режимига нисбатан жуда шубҳа билан қарайди ва унинг жангарилик мафкурасини ўз ҳаёт тарзи ҳамда мавжудлиги учун хавфли деб ҳисоблайди.

Шу далилларни инобатга олган ҳолда, мен Қўштепа канали қурилишини портлаши фақат вақт масаласи бўлган соатли бомбага ўхшатган бўлардим.

Яқинда Ўзбекистон юқори самарали Хитой қирувчи самолётлари ва ҳаво мудофаа тизимларини харид қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати минтақавий можаролар учун мослаштирилган ва шу мақсадда ишлаб чиқилган катта миқдордаги ўқ-дори ҳамда қурол-яроғни жадал суръатда харид қилмоқда.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон ўз армиясини ҳарбий можарога тайёрлаётган бўлиши мумкин. Менинг прогнозларимга кўра, бундай можаро Толибон ва Марказий Осиё давлатлари, биринчи навбатда эса Афғонистон билан бевосита чегарадош мамлакатлар ўртасида юз бериши мумкин».

Юқорида келтирилган далиллар, шунингдек, экспертларнинг фикрлари ва прогнозларини инобатга олган ҳолда, азиз ўқувчилар, сизларни сув танқислиги тобора янги меъёрга айланиб бораётган минтақада Қўштепа канали қурилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришга чорлаймиз…