Қирғизистон тарихида биринчи марта миллий сунъий йўлдош Ер орбитасига чиқарилди. Учириш АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг космик кучлар базасидан амалга оширилди. Сунъий йўлдош SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида орбитага олиб чиқилди. Учириш маросимида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам иштирок этди.

Лойиҳа Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Сунъий йўлдошни бошқариш Бишкек шаҳридаги махсус парвозларни бошқариш марказидан бўлади.

Сунъий йўлдошдан олинадиган маълумотлар қишлоқ хўжалиги ерлари, музликлар, сув ҳавзалари, ўрмонлар ва яйловларни кузатиш, шунингдек, табиий экотизимлардаги ўзгаришларни аниқлашда қўлланади. Унинг имкониятлари ноқонуний кон қазиш ҳолатлари, рухсатсиз чиқинди майдонлари ва атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларни аниқлашга ҳам ёрдам беради.

Бундан ташқари, космик маълумотлар қурғоқчилик, сув тошқини, кўчки, сел ва ўрмон ёнғинлари каби табиий хавфларни эрта аниқлаш учун ишлатилади.

Келгусида сунъий йўлдош маълумотларини Қирғизистоннинг давлат рақамли тизимларига интеграция қилиш, улар асосида фазовий хариталар ва таҳлилий моделлар яратиш режалаштирилган.

Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдошини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш жараёни қарийб 2,5 йил давом этган.