ЎЗБЕКИСТОН ОРҚАЛИ ПОКИСТОН ПОРТЛАРИГА ЯНГИ ТЕМИР ЙЎЛ ЙЎЛ ҚУРИЛАДИ
Ўзбекистон, Қозоғистон ва БАА CASA темир йўл лойиҳаси доирасида Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон йўналишида янги транспорт йўлагини режалаштирмоқда. У орқали Марказий Осиё мамлакатлари Покистон денгиз портларига чиқиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда.
30 сентябрь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Бирлашган Араб Амирликлари Марказий Осиёни Афғонистон орқали Покистон денгиз портлари билан боғлайдиган янги темир йўл йўналишини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Уч давлатнинг тегишли вазирликлари CASA, Central Asia – South Asia темир йўл лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолади.
Янги транспорт йўлаги Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон йўналишида шакллантирилади. Лойиҳа Марказий Осиё давлатларига Жанубий Осиё бозорлари ва Покистоннинг денгиз портларига чиқиш учун янги транспорт йўналишини очишни кўзда тутади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги йўлак орқали Покистон портлари томон йилига 10 миллион тоннагача юк ташиш имконияти яратилиши мумкин.
Томонлар лойиҳанинг техник ва иқтисодий асосларини биргаликда ишлаб чиқади. Шу мақсадда Ўзбекистон, Қозоғистон ва БАА вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилади.
Мутахассислар янги темир йўл инфратузилмаси, юк ташиш имкониятлари, инвестиция ҳажми ва молиялаштириш механизмларини ўрганади.
Лойиҳа Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакат тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имконига эга эмас, демак, CASA лойиҳаси амалга ошса, Ўзбекистон жанубий йўналишда Покистон портларига чиқиш учун яна бир транспорт коридорига эга бўлади.
Янги йўналиш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдони кенгайтириш, транзит юклар ҳажмини ошириш ва Афғонистоннинг минтақавий транспорт тизимидаги аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳозирча темир йўл қурилиши бошланмади. Лойиҳа техник ва иқтисодий жиҳатдан ўрганиш босқичида бўлиб, унинг қурилиш қиймати ва ишга тушириш муддати кейинроқ аниқланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг