Халқаро тизимда глобал қудратлар ўртасидаги рақобат тобора кескинлашмоқда. Бу жараён Совет Иттифоқи парчаланганидан кейинги ўттиз йил давомида АҚШ етакчилигидаги Ғарб томонидан шакллантирилган ва сақлаб келинган халқаро хавфсизлик архитектураси ўзгариши муқаррар эканини кўрсатмоқда.

Биз икки қутбли дунёнинг тугашига гувоҳ бўлдик. Энди эса бир қутбли дунё тартибининг ҳам сўниб бораётганини кузатяпмиз. Халқаро муносабатлар ва хавфсизликка оид асосий илмий адабиётлар, шунингдек, етакчи оммавий ахборот воситалари таҳлил қилинса, уларнинг эътибори асосан йирик давлатлар тақдирига қаратилганини кўриш мумкин. Кўп қутбли дунёда ўрта ва кичик давлатларнинг ўрни эса анча кам муҳокама қилинади.

Шу нуқтаи назардан, ушбу мақолада ўрта ва кичик давлатлар қаторига кирувчи Марказий Осиё мамлакатларига эътибор қаратамиз.

Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги ҳаракатлари уларнинг минтақавий ҳамкорликка тобора кўпроқ интилаётганини кўрсатади. Кўп ҳолларда бу жараён Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб киришига жавоб сифатида талқин қилинади.

Яъни Марказий Осиёда минтақавийликнинг кучайиши асосан битта ташқи омил — Россиянинг Украинага қарши уруши билан изоҳланмоқда.

Бироқ бу изоҳ воқеликни қай даражада тўлиқ акс эттиради?

Бу саволга жавоб топиш Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик мустаҳкам эканини ва минтақа мамлакатлари тез ўзгараётган янги халқаро хавфсизлик тартибига қай даражада тайёрлигини тушунишга ёрдам беради.

Агар минтақавий ҳамкорликнинг кучайиши фақат Россиянинг Украинага бостириб кириши каби ташқи омилга боғлиқ бўлса, бундай жараённи барқарор минтақавийлик деб бўлмайди. Чунки у умумий минтақавий манфаат, ўзаро яқинлик ёки «биз» деган умумий ҳис каби ички омилларга таянмаган бўлади.

Шунинг учун Марказий Осиёда минтақавийлик кучаймоқда, деган хулосага эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Чунки ҳозирги ҳамкорлик жамият ва қадриятлар даражасида шаклланган талаб эмас, балки айрим авторитар раҳбарларнинг сиёсий қарорлари натижаси бўлиши ҳам мумкин.

Марказий Осиё тарихида давлатлар ўртасида жиддий зиддиятлар, чегара можаролари ва этник тўқнашувлар кам бўлмаган. Совет даврида шаклланган беш республика ўртасида турли сиёсий, ҳудудий ва ижтимоий келишмовчиликлар сақланиб қолди. Бунга 2010 йилда Ўш ва Жалолободда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган этник тўқнашувлар, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги қуролли можаролар мисол бўла олади.

Биз олти ой давомида олиб борган тадқиқот Марказий Осиёда минтақавийликнинг кучайиши жамиятдан чиққан табиий жараёнми ёки сиёсий раҳбарият ташаббусими, деган саволга жавоб излади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, минтақавий ҳамкорликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи жамият эмас, балки авторитар раҳбарлар бошқараётган шахсга боғланган сиёсий режимлар бўлиб қолмоқда.

Бу мамлакатларда фуқаролик жамияти ҳали мустақил равишда йирик сиёсий ёки минтақавий ташаббусларни илгари сура оладиган даражада кучли эмас. Аксинча, жамият сиёсий режимлар таъсири ва назорати остида қолмоқда.

Хавфсизлик тушунчаси ҳам кўп ҳолларда жамият ёки инсон хавфсизлиги эмас, балки давлат хавфсизлиги сифатида қабул қилинади. Давлат хавфсизлиги эса амалда ҳукмрон сиёсий режим хавфсизлиги билан уйғунлашиб кетган.

Шунингдек, давлат ва президент тушунчалари кўпинча бир-биридан ажратилмайди. Беш мамлакат аҳолисининг катта қисми давлат институтлари билан давлат раҳбарини алоҳида тушунча сифатида қабул қилишга одатланмаган.

Тадқиқотимиз яна бир муҳим муаммони кўрсатди: Марказий Осиёдаги сиёсий режимлар вакилларининг халқаро хавфсизлик архитектураси ва ундаги ўзгаришлар минтақа учун қандай оқибатларга олиб келиши ҳақидаги тушунчаси кўп ҳолларда юзаки.

Марказий Осиё давлатлари ҳозирги глобал ўзгаришларга кўп векторли ташқи сиёсат ва ўз кучига таяниш стратегияси орқали мослашишга уринмоқда.

Бир қарашда бу мантиқий ёндашувдек кўринади. Аммо амалда бундай сиёсат бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Энг муҳими, бу хавфлар минтақа давлатлари томонидан етарлича ҳисобга олинмаяпти.

Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон бир вақтнинг ўзида Хитой ва АҚШнинг юқори технологиялари ҳамда сунъий интеллект тизимларини жорий қилишга ҳаракат қилмоқда. Аммо бу икки технологик экотизим ўртасида хавфсизлик, маълумотлар бошқаруви, стандартлар ва стратегик назорат нуқтаи назаридан жиддий зиддиятлар мавжуд бўлиши мумкин.

Шу маънода, қисқа муддатли прагматик манфаатларни кўзлаб қабул қилинаётган қарорлар стратегик, тактик ва оператив хавфсизлик учун янги хатарларни пайдо қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Биз ушбу масалаларни Марказий Осиёдаги сиёсий режимлар вакиллари билан муҳокама қилганимизда, айрим суҳбатдошлар дастлаб муаммонинг моҳиятини англамади. Масалани батафсил тушунтирганимиздан кейин эса улар жавоб беришдан бош тортди.

Дастлабки хулосаларимиз шуни кўрсатмоқдаки, Марказий Осиёда қабул қилинаётган айрим қисқа муддатли қарорларнинг узоқ муддатли оқибатлари етарлича ҳисобга олинмаяпти. Бу эса нафақат хавфсизлик сиёсатига, балки минтақадаги давлатчилик ва давлат бошқарувининг келажагига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Умуман олганда, Марказий Осиёдаги беш сиёсий режим учун ҳокимиятни сақлаб қолиш масаласи ҳали ҳам асосий устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда…