Урушнинг ўзгараётган хусусияти деганда қуролли тўқнашувларда қўлланадиган воситалар, тактикалар, технологиялар ва унда иштирок этувчи томонлар вақт ўтиши билан ўзгариши тушунилади. Бироқ урушнинг туб моҳияти – сиёсий мақсадга эришиш учун зўравонлик ишлатиш – ўзгармайди. Оксфорд университетининг Урушнинг ўзгарувчан хусусиятини ўрганиш марказига кўра, бу жараёнга бевосита таъсир кўрсатадиган бир неча омил бор.

Масалан, сунъий интеллект, гипертовушли қуроллар ва автоном дронлар каби янги технологиялар қарор қабул қилиш учун ажратиладиган вақтни қисқартиради ва жанг олиб бориш усулларини ўзгартиради. Тўқнашувлар анъанавий қуруқлик, денгиз ва ҳаво майдонларидан ташқари кибермакон, космос ва электромагнит муҳитга ҳам ёйилмоқда. Замонавий урушларда мунтазам миллий армиялар билан бир қаторда нодавлат қуролли гуруҳлар, хусусий ҳарбий компаниялар, қўзғолончилар ва воситачи кучлар ҳам қатнашмоқда. Шунингдек, кичикроқ ёки ресурслари чекланган гуруҳлар қудратли давлатларга қарши гибрид усуллар, дезинформация ва иқтисодий босимдан фойдаланмоқда.

Урушдаги ўзгаришларни таҳлил қилганда, ҳарбий назариядаги икки тушунчани фарқлаш керак. Оксфорд марказининг катта илмий ходими бу фарқни қуйидагича изоҳлайди:

Урушнинг хусусияти ўзгариб туради: қўлланадиган қуроллар, амал қилинадиган қоидалар, жанг муҳити ва кучларни ташкил этиш усуллари янгиланади.

Урушнинг моҳияти ўзгармайди: қўрқув, кутилмаган тўсиқлар ва раҳбарлик каби инсоний омиллар, шунингдек, зўравонлик билан сиёсий мақсад ўртасидаги боғлиқлик сақланиб қолади.

Унинг сўзлари билан айтганда, Украинадаги урушда «урушнинг хусусияти тинимсиз ўзгармоқда, моҳияти эса мутлақо ўзгармай қолмоқда».

Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари замонавий урушлар ва хавфсизлик таҳдидларига қай даражада тайёр? Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон армияларидаги манбаларимиз деярли бир хил хавотирларни билдирди.

Уларнинг айтишича, «Марказий Осиё армиялари янги стандартларга ўтаётгани ҳақидаги дадил сиёсий баёнотларга қарамай, минтақанинг ҳарбий ва хавфсизлик саноати ҳали шаклланиш босқичида. У Хитой, Россия, Эрон ва Туркия каби ташқи етказиб берувчиларга ва бошқа ташқи иштирокчиларга ўта боғлиқ. Дронлар иштирокидаги уруш тез ўзгармоқда, Марказий Осиёдаги ҳеч бир давлат эса бу суръатга етиша олмаяпти».

Ҳужжатлар таҳлилимиз Марказий Осиё давлатлари хорижий ҳарбий таъминотга қарамликни камайтириш ва минтақадаги хавфсизлик вазияти ўзгаришига жавоб бериш учун учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда дронларга қарши тизимларни сотиб олиш ва мамлакат ичида ишлаб чиқаришга уринаётганини кўрсатади. «Озодлик» радиоси суриштирувига кўра, минтақадаги беш давлат армиясининг барчаси дронлардан фойдаланади; улар қурилмалар ва ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик мақсадларида ишлатилиши мумкин бўлган технологияларни Туркия, Хитой, Россия ва Эрон каби давлатлардан олади. Хитой Қозоғистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларга Wing Loong русумли дронларни етказиб берган.

Марказий Осиёдаги камида тўрт давлат ҳарбий дронларни тўлиқ хориждан харид қилишга таянмаслик учун маҳаллий ишлаб чиқариш линиялари ёки техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этмоқда. Ўзбекистон минтақада маҳаллийлаштирилган дрон ва дронларга қарши воситаларни синовдан ўтказиш ҳамда қўллашни жадаллаштирган. Бироқ Яқин Шарқ ва Украинада давом этаётган урушлар таъсирида технологиялар шунчалик тез ривожланмоқдаки, бу давлатлар сотиб олаётган ёки ишлаб чиқараётган воситалар ҳам тез эскириб қолмоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ва ҳарбий ҳамкорликни ҳаддан ташқари мақтайдиган таҳлилчилар «хавфсизлик дилеммаси» деб аталадиган ҳолатни эътибордан четда қолдирмоқда. Бу – бир давлат ўз хавфсизлигини кучайтириш учун кўрган чоралар бошқа давлатларни ўзини хавфсизроқ эмас, аксинча, кўпроқ таҳдид остида ҳис қилишга ундаши ва натижада исталмаган кескинлик ҳамда тўқнашув хавфини ошириши мумкин бўлган вазият.

Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг Хитой жанговар самолётларини сотиб олиши ва ҳаво мудофаасини кучайтириши Остона, Душанбе, Бишкек ва Ашхободдаги сиёсатчиларни сергак торттирди. Тожикистоннинг Эрон дронларини харид қилиши ва ўз ҳудудида ишлаб чиқариши эса бошқа қўшниларни, жумладан Афғонистонни ҳам безовта қилди.

Шу боис Марказий Осиё давлатлари урушнинг ўзгараётган хусусиятига эътибор қаратиш билан бирга, ўзаро ишончни мустаҳкамлаши ва ҳарбий-сиёсий соҳада очиқликни таъминлаши керак. Акс ҳолд