Ҳукуматлар янги савдо йўлаги ташкил этилишини эълон қилганда, одатда унинг мавжуд йўналишларга нисбатан тезроқ, арзонроқ ёки кўпроқ юк ташишга қодир бўлиши ҳақида савол туғилади. Қозоғистон ва Хитой ўртасида Или дарёси бўйлаб таклиф этилаётган транспорт йўналиши бу мезонларнинг бирортаси бўйича ҳам мавжуд йўллар билан рақобатлашишда қийналиши мумкин. Бироқ лойиҳани фақат иқтисодий самарадорлигига қараб баҳолаш унинг кенгроқ аҳамиятини эътибордан четда қолдиради. Россиянинг Украинага бостириб кириши, бунинг ортидан жорий этилган санкциялар ва Украинанинг муҳим инфратузилма объектларига уюштирган дрон ҳужумлари битта савдо йўлига ҳаддан ташқари боғланиб қолиш қанчалик хатарли эканини кўрсатди. Буни англаган Марказий Осиё ҳукуматлари энди жаҳон бозорларига чиқиш йўлларини имкон қадар кўпайтириш стратегиясини амалга оширмоқда.

Или дарёси лойиҳаси Хитойни Марказий Осиё орқали Европа билан боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг — Ўрта йўлак номи билан ҳам танилган йўналишнинг — табиий давоми бўла олади. Или дарёси орқали савдо қилиш Қозоғистоннинг Қўнаев шаҳридан чегара оша Хитойга, асосан, оғир ва йирик ўлчамли юкларни катта ҳажмда, кам харажат билан ташиш имконини беради. Шунингдек, Остона ва Пекин ўртасида Қозоғистоннинг шимоли-шарқидаги Иртиш дарёси бўйлаб савдони қайта тиклаш юзасидан музокаралар давом этмоқда. Бундан кўзланган мақсад — савдо йўналишларини стратегик жиҳатдан бир-бирига боғлаш. Бу ҳар икки мамлакатга ўз савдо йўлларини Россиянинг Арктика портларига олиб чиқадиган шимолий Иртиш–Обь йўлагига улаш имконини беради.

Лойиҳа кўлами ҳозирча катта эмас ва уни молиялаштириш масаласи ҳам ноаниқ. Аммо уни Ўрта йўлак, Форс кўрфази давлатлари билан мавжуд денгиз савдо алоқалари ҳамда Хитой–Покистон иқтисодий йўлаги (CPEC) каби ташаббуслар билан бирга кўриб чиқсак, у кенгроқ жараённинг бир қисми экани аён бўлади. Марказий Осиё энди Россия атрофида шаклланган савдо тизимига ягона муқобил изламаяпти. Аксинча, муқобил йўлларнинг бутун бир тармоғини яратмоқда. Жанубий Осиёга олиб борувчи савдо йўлларини ривожлантиришни мураккаб рельеф, божхона тартибларининг бир хил эмаслиги ва, айниқса, Афғонистондаги геосиёсий беқарорлик чеклаб турган бўлса-да, бу йўналиш катта иқтисодий наф келтириши мумкин бўлган имконият бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Хитой, АҚШ ва ҳатто Жанубий Корея каби давлатларнинг Марказий Осиё инфратузилмаси ва транспорт-коммуникация алоқаларига сармоя киритишга тайёрлиги ортиб бормоқда. Масалан, Кавказдаги TRIPP йўналиши каби минтақалараро лойиҳаларга боғланаётган умидлар Марказий Осиё республикалари ва уларга қўшни мамлакатлар янги имкониятлар даврига қадам қўйганини кўрсатади.

Шу сабабли Или дарёси йўлаги йирик савдо йўлига айланадими, деган савол деярли иккинчи даражали аҳамиятга эга. Айрим лойиҳалар муваффақият қозонади, бошқалари тижорий жиҳатдан ўзини оқламайди, яна кўплари эса уларни режалаштирганлар дастлаб кутмаган йўналишда ривожланиши мумкин. Муҳимроқ ўзгариш — бу лойиҳалар ортидаги ёндашувдир. У Марказий Осиёга салоҳияти тобора ортиб бораётган, Евроосиёни боғловчи ҳудуд сифатида қаралаётганини кўрсатади. Марказий Осиё нуқтаи назаридан, лойиҳаларни хилма-хиллаштириш минтақанинг янада парчаланган ва олдиндан башорат қилиш қийин бўлган дунёга тайёрланаётганини англатади. Шунинг учун қайси савдо йўли энг самарали бўлиши мумкинлигини сўрашдан кўра, бошқа йўллар ишламай қолганда қайси бири очиқ қолади, деган савол муҳимроқ.