Марказий Осиё учун кўпроқ мамлакатдан қурол сотиб олиш уларнинг ҳар бирига қарамликни камайтиришдан осонроқ бўлиши мумкин. Россиянинг Украинадаги уруши унинг мудофаа саноатига босимни кучайтираётган ва Москванинг минтақа қурол бозоридаги устунлиги заифлашаётган бир пайтда Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлар муқобил манбаларни изламоқда. Дарҳақиқат, 2016–2020 ва 2021–2025 йиллар даврлари таққосланганда, Россиянинг минтақага қурол экспорти 64 фоизга камайган. Октябрь ойида Ҳиндистон Тожикистон ва Туркманистонга «Акаш» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини экспорт қилганини тасдиқлади. Бу ҳар икки давлатга Россия техникасига муносиб муқобилни тақдим этмоқда. Хитой самолётлари ва Туркия дронлари ҳам минтақанинг қурол харид қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бироқ қурол-яроғ турларининг кўпайиши хавфсизликнинг мустаҳкамланишини англатмайди. Турли тизимлар ўзига хос эҳтиёт қисмлар, техник хизмат, тайёргарлик тизимлари ва техник инфратузилмани талаб қилади. Марказий Осиё қурол етказиб берувчиларни танлашда кўпроқ эркинликка эга бўлаётган бўлиши мумкин. Аммо мураккаброқ савол — минтақа ўз ҳарбий тизимларига хорижий ёрдамга таянмасдан хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланишга қодирми?

Бир томондан, «Акаш» каби ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари харажат нуқтаи назаридан мақбул бўлиб, Марказий Осиёга сўнгги пайтларда ҳарбий техниканинг йирик етказиб берувчисига айланган Хитой таъсирини мувозанатлаш имконини беради. Бундан ташқари, Украинанинг тез-тез амалга ошираётган дрон зарбалари ва таъминотдаги ишончсизликни ҳисобга олганда, Марказий Осиё ҳукуматлари Москва билан таъминот алоқалари издан чиққанини англаётгандек кўринади. Харид манбаларининг бундай кенгайиши ҳарбий парадлардаёқ кўзга ташланмоқда. Масалан, 27 сентябрдаги Мустақиллик байрами тантаналарида Туркманистон Хитойнинг FK-2000 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, Бразилиянинг A-29 Super Tucano ҳужумкор самолётлари ва Италиянинг Leonardo M-346 қирувчи самолётларини намойиш этди.

Москвага қарамликнинг камайиши ижобий баҳоланиши мумкин бўлса-да, кўплаб турли ҳарбий тизимларни харид қилиш ягона манбага қарамлик ўрнини бир-бирига мослашмаган қатор қарамликлар билан алмаштириши мумкин. Шу сабабли Марказий Осиё ҳукуматлари фақат харид битимлари билан чекланмай, ўз армияларига мавжуд техникани ишга яроқли ҳолда сақлаш ва ягона тизимга бирлаштириш имконини берадиган салоҳиятни устувор қўйиши керак. Кадрлар тайёрлаш, техник хизмат кўрсатиш ва техник стандартлар бўйича минтақавий ҳамкорлик янги сармоялар харажатини камайтиришга ҳамда тизимлар ўртасидаги тарқоқликни бартараф этишга ёрдам бериши мумкин. Бу Марказий Осиё хорижий ҳамкорликдан воз кечиши кераклигини англатмайди. Аксинча, минтақа давлатлари музокаралардаги мавқеини кучайтириш учун умумий минтақавий стандартларни қабул қилиши ва ўз салоҳиятини ошириши лозим. Бунинг уддасидан чиқилса, давлатлар янги харид манбаларини узоқ муддатли хавфсизликка айлантириш ва айни пайтда харажатларни камайтириш имконига эга бўлади. Пировардида, мудофаа мустақиллиги харид манбаларининг хилма-хиллигига эмас, балки Марказий Осиё қуролли кучлари ўз техникасига хизмат кўрсатишда ташқи ёрдамга таянмасдан қай даражада фаолият юрита олишига боғлиқ.