Ғарбда Халқаро муносабатлар, Хавфсизлик тадқиқотлари, Разведка тадқиқотлари, Уруш, Терроризм ва Терроризмга қарши кураш соҳаларида мавжуд илмий адабиётларни таҳлил қилишимиз шуни кўрсатадики, академиклар ва тадқиқотчилар асарларининг аксарияти иккиюзлама ёндашув ва академик холислик етишмаслигидан азият чекади.

Масалан, агар инглиз тилида сўзлашувчи дунёда разведка ва хавфсизлик бўйича асосий адабиётлар кўриб чиқилса, разведка ва хавфсизлик таърифи борасида деярли тавтологик бир даъвога дуч келинади:

«Разведка ва/ёки хавфсизликнинг универсал ёки барча жиҳатларни қамраб олувчи ягона таърифи мавжуд эмас. Бунинг сабаби шундаки, “разведка ёки хавфсизлик нима?” деган савол жуда кўплаб жавобларни келтириб чиқаради ва бу жавобларнинг илдизлари ҳам объектив-жисмоний, ҳам ғоявий-ижтимоий омилларга бориб тақалади ҳамда улар ҳар бир миллатга хос хусусиятларга эга».

Бошқача айтганда, разведка ва хавфсизлик бўйича асосий адабиётлар билвосита разведка ва хавфсизлик плюриверсал ҳодисаларнинг ифодаси ва кўрсаткичи эканини тан олади:

«Борлиқни англаш, билиш ва дунёни шакллантиришнинг турли-туман усуллари мавжуд ва уларнинг барчаси биргаликда мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга».

Бироқ плюриверсализмга нисбатан бундай қатъий мойиллик Ғарбга хос бўлмаган тафаккур тарзи, бошқарув шакли, давлатни идора қилиш ва давлатчиликни таърифлаш ҳамда баҳолаш масаласига келганда йўқолиб кетади ва унинг ўрнини Ғарб марказидаги универсализм эгаллайди.

Масалан, Ғарб олимларининг катта қисми Ислом ва мусулмонларни ҳали ҳам хавфсизликка таҳдид, беқарорлик ва сиёсий зўравонликнинг асосий манбаи сифатида талқин қилади. Айни пайтда улар Исроилнинг фаластинликларга нисбатан давлат терроризми ва геноциди ҳақида мутлақо сукут сақламоқда.

Ёки Ғарб Саддам Ҳусайннинг оммавий қириб ташлаш қуроллари ва уларни етказиб бериш воситалари ҳақида очиқдан-очиқ ёлғон маълумотдан фойдаланиб, Ироққа бостириб кириш ва уни «демократлаштириш» ҳуқуқини ўзига раво кўрди. Энди эса Ғарбдаги айрим академиклар ва тадқиқотчилар «Ироққа бостириб кириш асосли эди, чунки Саддам режими Ғарб марказидаги халқаро тизимга мос келмас эди», деган фикрни илгари сурмоқда. Бу эса Ғарб марказидаги универсализмнинг яққол кўринишидир.

Мавзуга оид яна бир яхши мисол – Россиянинг Украинадаги уруши. Буюк Британия етакчилигидаги Европа Украинада Россияга қарши кескин курашмоқда, чунки Россия Ғарб марказидаги универсализмга қарши чиқмоқда. Бу ёндашувга кўра, дунёда фақат битта воқелик, битта ҳақиқат, битта меъёрлар ва/ёки қадриятлар тизими – яъни Ғарбга хос тизим мавжуд бўлиши керак ва одамлар қаерда яшаши ёки уларнинг маданий хусусиятлари қандай бўлишидан қатъи назар, бу қадриятлар барча томонидан бирдек қабул қилиниши лозим.

АҚШ етакчилигидаги Ғарбдаги академиклар ва тадқиқотчилар эса Хитойнинг янги таъсир маркази сифатида юксалаётгани муносабати билан ўз тадқиқот лойиҳаларида Хитойни қандай қилиб самарали тарзда «хавфсизлик таҳдиди» сифатида шакллантириш мумкинлигини ўргана бошладилар. Чунки уларнинг фикрича, плюриверсализм охир-оқибат Ғарб марказидаги универсализмни илдизи билан қўпориб ташлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Ғарбдаги академик муҳит – хусусан, ижтимоий ва сиёсий фанлар – на [сиёсий] ҳокимиятдан холи ва на сиёсатдан мустақилдир.

Шу сабабли Ғарб академик муҳити томонидан яратилган билимга маълум даражада эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозим.

Хитой тўғри иш қилмоқда. Биринчидан, Хитой Ғарб ҳукмронлик қиладиган билиш, билим яратиш ва билим тизимига бўлган қарамлигини камайтирмоқда.

Иккинчидан, Хитой билиш, билим яратиш ва билимнинг муқобил усулларини таклиф қилмоқда ҳамда уларни янада очиқ, қулай ва арзон қилмоқда.

Юқорида қайд этилган масалаларни инобатга олган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатлари Ғарб билимларини ортиқча қадрлаш ва ортиқча баҳолашни тўхтатиб, ўзларининг билиш, билим яратиш ва билим усуллари ҳамда методологияларини ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.