EВРОПА ТАРИХДАГИ ЭНГ ИССИҚ ЁЗНИ БОШДАН КЕЧИРЯПТИ
Европада июнь ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ даврга айланди: бир қатор мамлакатларда 40°C дан юқори ҳарорат қайд этилди, минглаб одамлар ўлди ва соғлиқни сақлаш ҳамда инфратузилма тизимлари оғир синовга дуч келди.
Европада июнь ойи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлди. Қитъанинг катта қисмида кузатилган кучли жазирама боис бир қатор мамлакатларда ҳарорат бўйича рекордлар янгиланди ва соғлиқни сақлаш хизматлари юқори тайёргарлик ҳолатига ўтказилди.
Июнь ойининг охирларида Германия, Франция, Испания, Польша, Венгрия, Италия ва бошқа давлатларнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40°C дан ошди. Германияда 41,7°C қайд этилиб, мамлакат тарихидаги энг юқори ҳарорат сифатида рўйхатга олинди. Шунингдек, Буюк Британия, Нидерландия ва бошқа мамлакатларда ҳам июнь ойига оид янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди.
Жазирама жиддий оқибатларга ҳам сабаб бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, 20–28 июнь кунлари Франция, Бельгия ва Нидерландияда иссиқ тўлқини туфайли камида 3 700нафар ортиқча ўлим қайд этилган. Қурбонларнинг асосий қисмини ёши катта фуқаролар ташкил этган. Шунингдек, шифохоналада юклама ортгани, транспорт тизимида узилишлар юзага келгани, ўрмон ёнғинлари хавфи кучайгани ва энергетика инфратузилмасига босим ошгани маълум қилинди.
Иқлимшунос олимлар 2026 йил июнь ойидаги жазирамани Европа тарихидаги энг кучли иссиқ тўлқинларидан бири деб баҳоламоқда. Уларнинг таъкидлашича, инсон фаолияти натижасида юзага келаётган иқлим ўзгариши бундай экстремал ҳароратларнинг юз бериш эҳтимоли ва кучини сезиларли даражада оширган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг