Bloomberg агентлигининг манбаларга таяниб хабар беришича, ушбу уч давлат Россияни Украина билан тинчлик музокараларига жалб этиш режасини ишлаб чиқмоқда.

Европа расмийлари бу ғояни украиналик ҳамкасблари билан ҳам муҳокама қиляпти.
АҚШ иштирокидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолганини, Россия эса фронтда сезиларли ҳудудий ютуқларсиз катта йўқотишларга учраётганини ҳисобга олган ҳолда, Франция, Германия ва Буюк Британия ҳозир Москвани музокаралар столига ўтқазишга уриниш учун қулай фурсат деб биляпти.

Россия билан музокаралар столига ўтириш ёки ўтирмаслик масаласидаги якуний қарор Украина президенти Владимир Зеленский ихтиёрида қолади, дейди Bloomberg манбалари.

Европа давлатлари Зеленскийни у рози бўлмаслиги мумкин бўлган стратегияни қабул қилишга мажбурламайди.

Агентликнинг ёзишича, яқин кунларда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан эҳтимолий музокараларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Bloomberg’нинг изоҳ сўровига Франция ва Буюк Британия ҳукуматлари жавоб бермади, Германия ҳукумати эса изоҳ беришдан бош тортди.