ЯМАНДАГИ ЖАНГЛАР МИНГЛАБ БОЛАЛАРНИ ОЧЛИК ВА УЙСИЗЛИККА МАҲКУМ ҚИЛДИ – UNICEF
Ямандаги қуролли тўқнашувлар туфайли 71 мингга яқин бола уйини тарк этди, 2,2 миллиондан ортиқ беш ёшгача бола ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Жанглар туфайли ўнлаб шифохона ва юзлаб мактаблар фаолияти ҳам издан чиқди.
Яманда давом этаётган қуролли тўқнашувлар оқибатида сўнгги ҳафталарда 71 мингга яқин бола ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Мамлакатда болалар тўйиб овқатланмаслик ҳолатлари ҳам кескин кучаймоқда, дея хабар берди UNICEF.
Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда тиббий кўрикдан ўтказилган қарийб 2 900 нафар боланинг тўртдан бир қисмидан кўпроғида тўйиб овқатланмаслик, дақоми очлик оқибатлари аниқланган.
Вазиятнинг оғирлашишига жанговар ҳаракатлар туфайли аҳолининг кўчишга мажбур бўлаётгани, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланаётгани ва озиқ-овқат танқислиги таъсир кўрсатмоқда. UNICEF маълумотига кўра, Яманда беш ёшгача бўлган 2,2 миллиондан зиёд бола ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, уларнинг 515 мингдан ортиғида ҳолат оғир даражада.
Жанглар таълим тизимига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Сентябрь ойидаги кескинлашув натижасида UNICEF қўллаб-қувватлаётган 26 та тиббиёт муассасаси фаолияти издан чиққан, 243 та мактабда дарслар тўхтатилган ёки мактаблар ёпилган. Бу 137 мингдан зиёд ўқувчининг таълим олишига таъсир қилди.
UNICEF можаронинг барча томонларини тинч аҳоли, айниқса болаларни ҳимоя қилишга, халқаро гуманитар ҳуқуқ талабларига риоя этишга ҳамда муҳтож аҳолига гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилмасликка чорламоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг