Хитой Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик, жумладан J-10CE кўп мақсадли қирувчи самолётларини етказиб бериш бошқа давлатларга қарши қаратилмаганини билдирди.

24 сентябрь куни Хитой Мудофаа вазирлигининг навбатдаги матбуот анжуманида вазирлик расмий вакили, катта полковник Цзян Бинь Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига J-10CE қирувчилари етказиб берилгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Хитой ва Ўзбекистон, шунингдек, икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги муносабатлар дўстона характерга эга. Томонлар ўртасида ҳарбий савдо соҳасидаги одатий ҳамкорлик халқаро ҳуқуқ ва халқаро амалиётга мос келади ҳамда ҳеч қандай учинчи томонга қарши қаратилмаган», деди Цзян Бинь.

Ўзбекистон август ойи охирида Хитойда ишлаб чиқарилган J-10CE қирувчиларини ўз ҳарбий авиацияси таркибига қабул қилганини амалда тасдиқлади. Мустақиллик байрами арафасида тарқатилган расмий видеоларда камида олтита J-10CE самолёти Ўзбекистон белгиларини таққан ҳолда намойиш этилди. Шу тариқа Ўзбекистон Покистондан кейин J-10CE қирувчисидан фойдаланаётган иккинчи хорижий давлатга айланди.

Очиқ манбаларда Тошкент жами 24 та J-10CE буюртма қилгани ҳақида хабарлар тарқалган, аммо ҳозирча на Ўзбекистон, на Хитой шартноманинг умумий ҳажмини расман эълон қилган. Шу сабаб ҳозирги пайтда ишончли тасдиқланган рақам — Ўзбекистонда намойиш этилган камида олтита самолёт.

J-10CE — Хитойнинг Chengdu Aircraft Corporation компанияси ишлаб чиқарган J-10C қирувчисининг экспорт версияси. У замонавий радар ва электрон тизимлар билан жиҳозланган, ҳаводаги нишонларга қарши курашиш билан бирга ердаги объектларга зарба бериш учун ҳам мўлжалланган кўп мақсадли қирувчи ҳисобланади.

Ўзбекистон учун J-10CE хариди фақат янги самолётлар сотиб олишдан кўра кенгроқ аҳамият касб этади. Мамлакат ҳарбий авиациясининг асосий қисми узоқ йиллар давомида совет ва Россия авиация мактабига мансуб МиГ ва Су русумли самолётларга таяниб келган. Хитой қирувчиларининг қабул қилиниши эса Тошкент ҳарбий авиацияни модернизация қилишда янги таъминотчи ва янги технологик платформага йўл очаётганини кўрсатади.

Айни пайтда бу жараённи Россия авиациясидан тўлиқ воз кечиш сифатида баҳолашга ҳали эрта. J-10CEлар ҳозирча Ўзбекистоннинг мавжуд МиГ-29, Су-25 ва бошқа совет даври платформалари билан бир қаторда хизмат қилиши мумкин. Аммо янги самолётлар учун алоҳида техник хизмат, учувчилар тайёрлаш, қурол-яроғ ва эҳтиёт қисмлар таъминоти тизими зарур бўлиши Тошкентнинг Хитой билан узоқ муддатли ҳарбий-техник алоқаларини кучайтириши мумкин.

Шу маънода, J-10CEларнинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши Марказий Осиё қурол-яроғ бозорида ҳам муҳим ўзгаришдир. Минтақа ҳарбий авиацияси тарихан совет ва кейинчалик Россия техникасига боғлиқ бўлиб келган. Энди Хитой замонавий жанговар самолётлар сегментида ҳам минтақада иштирок эта бошлади.

Пекиннинг «учинчи томонга қарши қаратилмаган» деган махсус таъкиди ҳам шу геосиёсий контекстда аҳамиятли. Хитой расмий баёноти харидни оддий ва халқаро қоидаларга мувофиқ ҳарбий-савдо ҳамкорлиги сифатида тақдим этмоқда.

Аммо J-10CEларнинг Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибига кириши бир нарсани аниқ кўрсатди: Тошкент ҳарбий авиацияни янгилашда анъанавий Россия платформалари билан чекланиб қолмаяпти ва мудофаа таъминотини диверсификация қилиш йўлидан бормоқда. Бу эса келгусида Марказий Осиёдаги ҳарбий-техник ҳамкорлик харитасини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.