ХИТОЙЛИК 90 ЁШЛИ АЁЛ 20 ЙИЛ ДАВОМИДА ГРАНАТАНИ БОЛҒА ЎРНИДА ИШЛАТГАН
Хитойнинг Ҳубэй вилоятида 90 ёшли аёл 20 йил давомида қалампир туйиш, ёнғоқ чақиш ва мих қоқиш учун ишлатган «болға» аслида қўл гранатаси бўлиб чиқди. Портловчи буюм мутахассислар томонидан хавфсиз жойга олиб чиқилди.
Хитойнинг Ҳубэй вилоятида яшовчи 90 ёшли Цин исмли аёл 20 йилдан зиёд вақт давомида болға деб ўйлаб ишлатиб келган буюми аслида қўл гранатаси экани аниқланди. Бу ҳолат унинг эски уйи бузилаётган пайтда ишчилар шубҳали буюмни пайқаб, полицияга хабар берганидан кейин фош бўлди.
Маҳаллий хабарларга кўра, Цин момо бу “темир бўлак”ни йиллар олдин даласида ишлаётганида топиб олган. Шакли болғага ўхшагани учун у буюмни уйига олиб келган ва кейинчалик ундан қалампир ҳамда мурч туйиш, ёнғоқ чақиш ва деворга мих қоқишда фойдаланган.
Полиция воқеа жойига етиб келганида буюм ёғоч дастакли қўл гранатаси экани маълум бўлган. Хабарларда гранатанинг корпусида зарба излари борлиги, узоқ йиллик ишлатишдан дастаги силлиқ ва ялтироқ ҳолга келгани айтилган. Айрим манбаларда унинг ҳали ҳам портлаш хавфи борлиги қайд этилган.
Портловчи буюмни олиб чиқиш учун махсус мутахассислар жалб қилинган. Полиция гранатани мусодара қилиб, хавфсиз жойга олиб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Воқеа Хитой ижтимоий тармоқларида катта муҳокамага сабаб бўлди. Фойдаланувчилардан бири граната 20 йил давомида “ўзини болға қилиб кўрсатиб келган”дек ҳазил қилган. Бошқалар эса аёлнинг бундай хавфли буюмни шунча йил ишлатиб, омон қолганини “мўъжиза” деб атаган.
Маҳаллий полиция аҳолини шубҳали темир буюмлар, ўқ-дори ёки портловчи моддаларга тегмасликка, бундай ҳолатда дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришга чақирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг