АҚШ ва Эрон расмийлари Исломободда ўтган сўнгги ўн йилликлардаги энг юқори даражадаги музокараларни сезиларли натижасиз якунлади. Бироқ музокаралардан хабардор манбаларга кўра, томонлар ўртасидаги мулоқот тўхтаб қолгани йўқ ва дипломатик алоқалар ҳали ҳам давом этмоқда.

Ҳафта охирида бўлиб ўтган учрашув АҚШ ва Эрон ўртасида ўн йилдан ортиқ вақтдан бери илк бевосита мулоқот бўлди. Шунингдек, бу 1979 йилги Ислом инқилобидан бери икки томон ўртасидаги энг юқори даражадаги мулоқот сифатида баҳоланмоқда. Учрашув ўтган сешанба куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишувидан тўрт кун ўтиб ташкил этилган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, музокаралар Исломободдаги Serena меҳмонхонасида ўтказилган. Бу ерда АҚШ делегацияси, Эрон вакиллари ҳамда покистонлик воситачилар учун алоҳида ҳудудлар ажратилган. Музокараларда Ҳурмуз бўғози, Эроннинг ядровий дастури ва Теҳронга нисбатан халқаро санкциялар каби масалалар асосий мавзулардан бўлган.

Манбалар айтишича, музокаралар чоғида маълум бир пайтда келишувга яқинлашилган ва томонлар ҳатто “80 фоизгача келишувга етиб келган”. Аммо жойида ҳал қилиб бўлмайдиган айрим қарорлар сабаб жараён тўхтаб қолган.

Эроннинг икки юқори мартабали мулозими музокаралар муҳитини оғир ва совуқ деб таърифлаган. Уларнинг айтишича, Покистон муҳитни юмшатишга уринган бўлса-да, томонлардан ҳеч бири тарангликни пасайтиришга тайёр кўринмаган. Шу билан бирга, якшанба тонгига келиб муҳит бироз яхшиланган ва музокараларни яна бир кунга узайтириш эҳтимоли ҳам пайдо бўлган.

АҚШ манбасига кўра, Вашингтоннинг асосий мақсади Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини кафолатлайдиган келишувга эришишдан иборат. Эрон эса АҚШ ниятига ишонмасликни асосий ташвишлардан бири сифатида кўрмоқда.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам масалаларни ҳал этиш бўйича тўлиқ саъй-ҳаракатлар давом этаётганини билдирди. Манбаларга кўра, Покистон ҳали ҳам Теҳрон ва Вашингтон ўртасида хабар алмашишда воситачилик қилмоқда.

Томонлар орасидаги асосий келишмовчиликлар Эроннинг ядровий дастури, Ҳурмуз бўғози ва музлатилган активлардан фойдаланиш масалаларига бориб тақалган. АҚШ Эрондан уран бойитишни тўлиқ тўхтатиш, асосий ядровий объектларни демонтаж қилиш, юқори бойитилган уран захираларини топшириш ва Ҳурмуз бўғозини тўлиқ очишни талаб қилмоқда.

Эрон эса доимий ўт очишни тўхтатиш кафолати, келажакда ўз ҳудуди ва минтақадаги иттифоқчиларига зарбалар берилмаслиги бўйича кафолат, асосий ва иккиламчи санкцияларни бекор қилиш, активларни муздан чиқариш, уран бойитиш ҳуқуқини тан олиш ва Ҳурмуз устидан назоратни сақлаб қолишни талаб қилмоқда.

20 соатдан ортиқ давом этган музокаралар давомида кескин ҳолатлар ҳам кузатилган. Манбаларга кўра, айрим пайтларда овозлар кўтарилган, вакиллар хонани тарк этиб, кейин яна қайтиб кирган. Покистон армияси қўмондони Осим Мунир ва ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар икки томон ўртасида тун бўйи қатнаб, музокараларни издан чиқармасликка ҳаракат қилган.

Учрашув якунида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс журналистлар олдида чиқиш қилиб, Вашингтон “сўнгги ва энг яхши таклиф”ни тақдим этганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, энди бу таклифни Эрон қабул қилиш-қилмаслиги маълум бўлади.

Шу билан бирга, музокаралардан сўнг ҳам томонлар ўртасидаги алоқалар тўлиқ узилмагани ва янги мулоқотлар эҳтимоли сақланиб қолаётгани таъкидланмоқда.