ТУРКИЯДА ЮЗ БЕРГАН АВАРИЯДА ЎЗБЕК АЁЛИ, УНИНГ ЭРИ ВА 2 ОЙЛИК ЧАҚАЛОҒИ ҲАЛОК БЎЛДИ
Истанбулдаги Шимолий Мармара трассасида енгил транспорт юк машинасига урилиши оқибатида ўзбекистонлик аёл, унинг турк эри ва 2 ойлик чақалоғи ҳалок бўлди. Қутқарувчилар уларнинг жасадларини автоулайдан махсус техника ёрдамида чиқариб олди.
Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса 11 июнь куни эрталаб Чекмекўй тумани ҳудудидан ўтувчи Шимолий Мармара автомагистралида содир бўлган.
Сабиҳа Гўкчен аэропортидан қайтаётган 29 ёшли Садик Гунден бошқарувидаги енгил автомобиль ҳаракатланаётган юк машинасининг орқа томонига келиб урилган.
Кучли зарба оқибатида автомобиль юк машинаси остига кириб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи Садик Гунден, унинг турмуш ўртоғи — Ўзбекистон фуқароси, 31 ёшли Азиза Ҳотамова Гунден ҳамда уларнинг 2 ойлик ўғли Тимурхон Гунден воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қутқарувчилар автомобиль ичида қисилиб қолган уч кишининг жасадини махсус техникалар ёрдамида чиқариб олишган.
Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, эр-хотин тўрт йил аввал турмуш қурган бўлиб, уларнинг 3 ёшли Саид исмли яна бир фарзанди бор. Бахтли тасодиф туфайли у фожиа вақтида ота-онаси билан бирга бўлмаган.
Энг ачинарлиси, яқин кунларда 2 ойлик Тимурхоннинг суннат тўйини ўтказиш режалаштирилган эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг