АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни Вашингтон 2020 йилда Туркияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишини маълум қилди. Бу санкциялар Анқаранинг Россиядан С-400 ҳаво мудофаа тизимларини харид қилгани ортидан қўлланган эди. Трамп, шунингдек, НАТОдаги иттифоқчи Туркияга F-35 қирувчи самолётларини сотиш масаласини ҳам кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Трамп Туркияга НАТО саммити доирасида ташриф буюрди. Бу АҚШ президентининг Туркияга сўнгги 11 йил ичидаги илк сафари бўлди. У Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан дабдабали давлат маросими билан кутиб олинди. Маросимда отлиқ аскарлар Трамп кортежини президент саройигача кузатиб борди.

Икки лидер очиқ мулоқотда бир-бирига илиқ муносабат билдириб, АҚШ–Туркия алоқаларида янги босқич бошланаётганини намойиш қилди. Трамп Эрдўғон билан “тил топишган”лигини таъкидлаб, Анқара билан муносабатлар ҳозир “эҳтимол, ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ” эканини айтди.

Туркия ва АҚШ ўртасидаги энг оғриқли масалалардан бири Анқаранинг 2019 йилда Россиядан С-400 тизимини сотиб олиши бўлган. Вашингтон буни НАТО хавфсизлигига таҳдид деб баҳолаган ва 2020 йилда Туркия мудофаа саноатига санкциялар киритган. Шунингдек, Туркия F-35 дастуридан чиқарилган эди.

“Биз санкцияларни олиб ташлаймиз. Вақти келди. Биз дўстларга санкция қўйишни истамаймиз”, деди Трамп Эрдўғон билан учрашув олдидан журналистларга.

Ундан Туркия ҳали ҳам Россиянинг С-400 тизимига эга экани хавотир уйғотмайдими, деб сўралганда, Трамп бундай хавотири йўқлигини айтди. У Туркия билан муносабатлар жуда яхши даражага чиққанини таъкидлади.

Трамп Туркияга F-35 самолётларини сотиш эҳтимоли ҳақида ҳам ижобий сигнал берди. Унинг айтишича, Туркия кўп жиҳатдан “бошқа айрим иттифоқчилардан ҳам содиқроқ”дир ва F-35 “ҳозирги энг яхши самолёт” ҳисобланади. Шу билан бирга, у бундай битим қандай амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида аниқ механизмни очиқламади.

Эрдўғон ҳам Анқара F-35 бўйича ижобий натижа кутаётганини билдирди. У аввал АҚШ томони Туркияга бешта самолёт ваъда қилганини эслатиб, Трамп “ваъдасида турадиган одам” эканини айтди.

Бироқ бу жараён тез ва осон кечмаслиги мумкин. АҚШ Конгресси Туркия С-400 тизимига эгалик қилар экан, унга F-35 сотишни тақиқловчи қонун қабул қилган. Амалдаги қонунларга кўра, Туркия F-35 дастурига қайтишни хоҳласа, Россия тизимини ишлатмаслиги ёки сақламаслиги керак.

Reuters манбаларига кўра, сўнгги ҳафталарда С-400 тизимини учинчи давлатга ўтказиш варианти муҳокама қилинмоқда. Аммо бу бўйича ҳали якуний келишув йўқ. Бундан ташқари, Россия қурол-яроғ сотувида охирги фойдаланувчи бўйича махсус мажбуриятлар қўйгани учун Москва бундай ечимга рози бўладими-йўқми, ҳозирча номаълум.

Туркия НАТОда иккинчи энг йирик армияга эга давлат ҳисобланади ва сўнгги йилларда қуролли дронлар экспорти орқали ҳам минтақавий ҳарбий таъсирини кучайтирди. Шу боис айрим НАТО давлатлари Анқарани Россия таъсирига қарши муҳим таянч сифатида кўрмоқда.