ТРАМП ЭРОННИ “БИР КЕЧАДА ЙЎҚҚИЛИБ” ТАШЛАМОҚЧИ
Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпиб, урушга барқарор якун кераклигини айтмоқда, Трамп эса келишув сешанба кечасигача имзоланмаса, мамлакатни “бир кечада йўқ қилиб ташлаш” билан таҳдид қилмоқда. Томонлар ўртасидаги шартлар кескин фарқ қилмоқда.
Эрон душанба куни АҚШ ва Исроил билан урушга узоқ муддатли ва барқарор якун ясалишини истаётганини билдирди ҳамда Ҳурмуз бўғозини қайта очиш бўйича босимларга қарши чиқди. Аммо, АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба кечасигача келишувга эришилмаса, Эрон “йўқ қилиб ташланиши” мумкин дея огоҳлантирди.
АҚШнинг Покистон воситачилигида берилган таклифига жавобан, Теҳрон ўт очишни тўхтатиш таклифини рад этди ва урушга вақтинча эмас, доимий барҳам берилиши зарурлигини билдирди. Бу ҳақда расмий IRNA ахборот агентлиги хабар қилди.
Агентлик маълумотига кўра, Эрон жавоби 10 банддан иборат бўлиб, улар орасида минтақадаги можароларни тўхтатиш, Ҳурмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш тартибини белгилаш, Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш ва тикланиш ишлари ҳам бор.
Трамп эса Ҳурмуз бўғозини очиш бўйича сешанба куни АҚШ шарқий вақти билан соат 20:00 гача (Тошкент вақти билан эрталабки 5 гача) келишув бўлмаса, Теҳронни “жаҳаннамга айлантириш” билан таҳдид қилди. У Эрон жавобини рад этиб, белгиланган муддат якуний эканини айтди.
Душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трамп Эронни “бир кечанинг ўзида йўқ қилиб ташлаш” мумкинлигини, “ва ўша кеча сешанба оқшоми бўлиши ҳам мумкин”лигини, яъни Тошкент вақти билан чоршанба тонгини назарда тутиб, айтди.
У Эроннинг электр станциялари ва кўприкларини вайрон қилишга ваъда берди ва бундай ҳаракатлар ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши ёки Эроннинг 93 миллион аҳолисини ўзидан узоқлаштириши ҳақидаги хавотирларга парво қилмаслигини айтди.
Трампнинг айтишича, агар Теҳрон билан келишувга эришилмаса, чоршанба куни GMT бўйича соат 04:00 гача (Тошкент вақти билан эрталаб соат 9 гача) “Эрондаги ҳар бир кўприк яксон қилинади” ва “ҳар бир электр станцияси ишдан чиқарилади, ёнган, портлаган ва қайта ишлатиб бўлмайдиган ҳолатга келади”.
АҚШ ва Исроил 28 феврал куни ҳужум қилганидан сўнг, Эрон амалда дунё нефти ва табиий газ таъминотининг тахминан бешдан бир қисми ўтадиган Ҳурмуз бўғозини ёпди. Бу сув йўлининг жаҳон иқтисодиёти учун аҳамияти жуда катта бўлиб, у Теҳрон учун кучли савдолашув воситасига айланди ва Эрон ундан осонликча воз кечишни истамаётгани айтилмоқда.
Урушни тугатиш бўйича Покистон воситачилигида ишлаб чиқилган таклиф дарҳол ўт очишни тўхтатишни, ана ундан кейин 15-20 кун ичида якунланиши лозим бўлган кенгроқ тинчлик келишуви юзасидан музокараларни бошлашни назарда тутади. Бу ҳақда таклифлардан хабардор манба маълум қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Баҳоий Теҳроннинг талаблари “муросага тайёрлик белгиси эмас, балки ўз позицияларини ҳимоя қилишдаги ишончининг ифодаси” эканини айтди. У, шунингдек, АҚШнинг аввалги талаблари, жумладан 15 бандли режа, “ҳаддан ташқари оширилган” деб баҳоланиб, рад этилганини қўшимча қилди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг