АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон музокаралар столига қайтмаса, келаси ҳафта мамлакатдаги кўприклар ва электр станцияларига зарба берилишини маълум қилди.

Трамп бу ҳақда АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро ҳужумлар давом этаётган бир пайтда Fox News телеканалига берган интервьюсида гапирди.

“Келаси ҳафта вазият улар учун ҳақиқатан ҳам жуда оғирлашади. Агар улар музокаралар столига ўтирмаса ва келишувга ҳаракат қилмаса, барча электр станцияларини ишдан чиқарамиз, барча кўприкларини вайрон қиламиз”, – деди АҚШ президенти.

Fox News маълумотига кўра, Трамп Эронга қарши зарбалар яқин кунларда янада кучайтирилишини айтган. У Вашингтон Теҳронни келишув тузишга мажбур қилиш учун қаттиқ ҳарбий босим ўтказишини яширмаган.

Трамп энергетика объектларини ҳужумларнинг сўнгги босқичи учун сақлаб турганини ҳам таъкидлаган.

“Энергетика объектларини охирига қолдираман. Аммо охир-оқибат уларга ҳам зарба берамиз”, – деган у.

АҚШ президенти апрель ойида ҳам Эрон электр станциялари ва кўприкларига зарба бериш билан таҳдид қилган эди. Ўшанда Эронга музокараларни тиклаш ва Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ талабларни бажариш учун муҳлат берилгани хабар қилинган.

Аввалроқ Трамп Ҳурмуз бўғози орқали ташиладиган барча юкларга 20 фоизлик йиғим жорий этиш режасидан воз кечган, аммо Эрон портларига нисбатан денгиз блокадаси тикланишини эълон қилган.

Электр станциялари ва кўприкларга эҳтимолий зарбалар халқаро гуманитар ҳуқуқ нуқтаи назаридан жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.

Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, фуқаролик объектлари тўғридан-тўғри ҳужум нишонига айлантирилиши мумкин эмас. Улар фақат аниқ ҳарбий мақсадга айланган тақдирдагина ҳимоя мақомини йўқотиши мумкин. Шунда ҳам ҳужум оқибатида тинч аҳолига етказилиши мумкин бўлган зарар кутилган ҳарбий устунликка нисбатан ортиқча бўлмаслиги керак.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси таҳлилида энергетика инфратузилмасига фақат рақиб иқтисодиётини заифлаштириш, аҳолини қўрқитиш ёки ҳукуматни музокараларга мажбурлаш мақсадида зарба бериш халқаро гуманитар ҳуқуққа зид экани қайд этилган. Бундай объектларга ҳужум режалаштирилганда электр, сув, тиббиёт ва бошқа муҳим хизматларнинг узилиши оқибатида тинч аҳоли кўриши мумкин бўлган зарар ҳам ҳисобга олиниши шарт.

Ҳозирча Эрон расмийлари Трампнинг сўнгги таҳдидига қандай жавоб бериши ва томонлар ўртасидаги музокаралар қайта тикланиши ёки тикланмаслиги маълум эмас.