ТРАМП: ЭРОН МУЗОКАРАЛАРНИ ЧЎЗДИ, ЭНДИ “НАРХИНИ ТЎЛАЙДИ”
Трамп Эрон музокараларни ҳаддан ташқари чўзганини айтиб, Теҳрон “нархини тўлашини” билдирди. Ҳурмуз бўғози атрофидаги ўзаро зарбалар, АҚШ базаларига ракетали ҳужумлар ва нефть бозоридаги тебранишлар кескинликни янада кучайтирди.
АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Эрон келишув бўйича музокараларни ҳаддан ташқари чўзиб юборганини айтиб, Теҳрон энди “бунинг нархини тўлаши”ни билдирди. Эрон эса АҚШ билан дипломатик мулоқотни қайта кўриб чиқишини маълум қилди. Бу баёнотлар Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тунда юз берган ўзаро зарбалардан кейин янгради.
Эрон АҚШнинг Ҳормуз бўғози атрофидаги Эрон нишонларига берган зарбаларига жавобан Иордания, Қувайт ва Баҳрайндаги Америка базаларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилганини билдирди.
Отишмалар АҚШ ва Эрон апрель ойида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганидан бери энг жиддий кескинлашувлардан бири бўлди. Аввалроқ Трамп Эрон Ҳурмуз бўғози яқинида АҚШнинг Apache русумли вертолётини уриб туширганини айтган эди.
“Эрон фақат гапиради, амал қилмайди”, деб ёзди Трамп чоршанба куни ижтимоий тармоқдаги баёнотида. “Улар ўзлари учун жуда яхши бўлиши мумкин бўлган келишув бўйича музокараларни жуда узоққа чўзди. Энди улар бунинг нархини тўлашга мажбур бўлади!!!”
АҚШ ҳарбийлари вертолёт уриб туширилганига жавобан Эроннинг ҳаво мудофааси тизимлари, ердаги бошқарув станциялари ва кузатув радарлари нишонга олинганини билдирди. Вашингтон буни “мутаносиб жавоб” деб атади. Вертолётнинг икки экипаж аъзоси дрон-қайиқ ёрдамида қутқарилгани айтилди.
Эроннинг Форс кўрфазидаги қўшнилари ва Иордания кириб келаётган ракеталарни ушлаб қолиш учун ҳаво мудофааси тизимларини ишга туширди. АҚШ базаларига етказилган зарар ҳақида дарҳол маълумот берилмади.
Кескинликнинг янги босқичи Эрон ва Исроил ўртасида апрелдаги ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин илк бор зарбалар алмашилганидан бир неча кун ўтиб юз берди. Бу эса 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга биргаликдаги зарбалари билан бошланган урушни тугатиш бўйича келишув истиқболларини янада шубҳа остига қўйди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Теҳрон АҚШ билан дипломатик мулоқотни қайта кўриб чиқишини билдирди. У Вашингтонни ўт очишни тўхтатиш келишувини бир неча бор бузганликда айблади.
“Ҳар қандай дипломатик жараён учун камида барқарор муҳит зарур”, деди Бақоий.
Трампнинг баёнотидан кейин нефть нархлари ошди, фонд бозорлари эса пасайди. Fox News телеканали телефон суҳбатига таяниб, Трамп Эрон келишувга келишни чўзаётгани сабабли унинг электр станциялари ва кўприкларига янги зарбалар беришни буюриши мумкинлигини айтганини хабар қилди.
Шу билан бирга, дипломатик ҳаракатлар давом этаётганига ишоралар ҳам бор. АҚШ ва Эрон ўртасида воситачилик қилиб келаётган Қатар делегацияси чоршанба куни Теҳронга етиб борди. Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, делегация урушни тугатишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар бўйича сўнгги вазиятни муҳокама қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг