ТРАМП: АҚШ ҲУРМУЗ БЎҒОЗИНИ БЛОКАДА ҚИЛИШНИ БОШЛАЙДИ
Доналд Трамп АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғозини блокада қилишни бошлашини билдирди. Бу қарор Исломободдаги АҚШ–Эрон музокаралари натижасиз якунланиб, ядровий дастур ва бўғоз бўйича келишувга эришилмаганидан сўнг қабул қилинди.
АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари Ҳурмуз бўғозини блокада қилишни бошлашини маълум қилди. Бу қарор АҚШ ва Эрон ўртасида Исломободда ўтган узоқ музокаралар натижасиз якунланганидан кейин қабул қилинди. Бу икки ҳафталик қалтис сулҳ тақдирини янада хавф остида қолдирди.
Трампнинг билдиришича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари энди Ҳурмуз бўғозига кираётган ёки ундан чиқаётган ҳар қандай кемани тўсиш жараёнини бошлайди. Шунингдек, у Эронга тўлов қилган барча кемаларга нисбатан халқаро сувларда чора кўрилишини, бўғозга қўйилгани айтилган миналар эса йўқ қилинишини таъкидлади.
Трамп Truth Social тармоғида эълон қилган баёнотида Эронга “ноқонуний тўлов” қилган ҳар бир кема очиқ денгизда хавфсиз ҳаракатлана олмаслигини айтди. У, шунингдек, Эрон томонидан АҚШ кучлари ёки тинч кемаларга қарши ҳар қандай ҳужумга кескин жавоб қайтарилишини билдирди.
Кейинроқ Fox News телеканалига берган интервьюсида Трамп НАТОдаги иттифоқчилар ҳам бўғоздаги операцияда иштирок этиш истагини билдирганини айтди. Бироқ Вашингтоннинг иттифоқчилари томонидан бу борада ҳозирча расмий изоҳ берилмади.
Шу билан бирга, Трамп Эрон яқин орада музокаралар столига қайтиб, Вашингтон талаб қилган шартларга рози бўлишига умид билдирди. Унинг айтишича, ўтган ҳафта Эрон цивилизациясини йўқ қилиш ҳақида айтган кескин баёноти ҳам Теҳронни музокараларга ундаган.
Аввалроқ Исломободда ўтган музокаралар муваффақиятсиз якунлангани ортидан ҳар икки томон бир-бирини айблади. АҚШ делегацияси раҳбари, вице-президент Жей Ди Вэнс келишувга эришилмаганини тасдиқлаб, бу ҳолат Эрон учун АҚШга қараганда кўпроқ салбий оқибат туғдиришини айтди.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф эса АҚШни Теҳрон ишончини қозона олмаганликда айблади. Унинг таъкидлашича, Эрон томони “келажакка қаратилган ташаббуслар”ни илгари сурган, аммо Вашингтон ишонч қозониш борасида етарли қадам ташламаган.
Мазкур музокаралар ўтган сешанба куни эълон қилинган сулҳ ортидан ташкил этилган бўлиб, бу АҚШ ва Эрон ўртасида ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги илк тўғридан-тўғри учрашув, шунингдек 1979 йилги Ислом инқилобидан кейинги энг юқори даражадаги мулоқот бўлди.
Вэнснинг сўзларига кўра, Эрон АҚШнинг асосий талабларини, жумладан ядровий қурол яратмаслик шартларини қабул қилмаган. Трамп ҳам кейинги баёнотида асосий масала айнан Эроннинг ядровий мақсадларидан воз кечишга тайёр эмаслиги эканини урғулади.
Эроннинг Tasnim агентлиги Вашингтоннинг “ҳаддан ташқари талаблари” битимга эришишга тўсқинлик қилганини ёзди. Бошқа Эрон оммавий ахборот воситалари эса айрим масалалар бўйича яқинлашув бўлганини, аммо Ҳурмуз бўғози ва ядровий дастур асосий келишмовчилик нуқталари бўлиб қолганини билдирди.
Покистон ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар сулҳни сақлаб қолиш “ўта муҳим” эканини айтди. Рим папаси Лев ҳам якшанба куни доимий ўт очишни тўхтатишга чақирди ва Ливан халқига яқин эканини билдирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг