ТОКИОДА “НОҚОНУНИЙ МАСЖИД” МОЖАРОСИ
Токио яқинидаги Кавагое шаҳрида қурилган Ramadan Grand Mosque шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилинмагани учун «ноқонуний» деб топилиши ва бузилиши мумкин. Қурилиш ортидаги компания, рухсатлар ва маҳаллий қонунлар атрофида тортишув кучаймоқда.
Япониянинг Токио шимоли-ғарбидаги Сайтама префектураси Кавагое шаҳрида қурилган “Ramadan Grand Mosque” масжиди атрофида можаро кучайди. Расмийларга кўра, масжид шаҳарсозлик қоидаларига зид равишда, рухсатсиз қурилган ва уни бузиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Масжид 4 500 квадрат метрлик ер майдонида барпо этилган. Бу ҳудуд қишлоқ жойида, “шаҳарлашувни чеклаш зонаси” сифатида белгиланган ва ер тоифаси тоғ-ўрмон ҳудуди ҳисобланади. Суратларда оқ гумбазли катта бино кенг яшил майдон ўртасида қад ростлагани кўринади.
Кавагое мэри Хацуэ Морита бу ҳафта шаҳар маъмурияти мавжуд вазиятга кўз юма олмаслигини билдирди.
“Бу шаҳарсозликни чеклаш ҳудудида рухсатсиз қурилган ноқонуний бино. Биз бу ҳолатга тоқат қилиб бўлмайди, деган позициядамиз”, деди у Sankei News нашрига.
Моританинг айтишича, шаҳар ҳукумати масжидни “имкон қадар тезроқ” буздириш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Шаҳар расмийлари қурилиш ҳақида илк бор 2024 йил октябрида, маҳаллий аҳоли пўлат каркасли бино қурилаётгани ҳақида хабар берганидан кейин билган. Инспекторлар етиб борганида эса бинонинг ташқи қисми деярли тайёр бўлган.
Маъмурият қурилишга ким масъул эканини аниқлашга уринган, аммо бир неча тўсиққа дуч келган. Ер эгаси бўлган Фудзими шаҳридаги кўчмас мулк агенти ер аллақачон сотилганини айтган, бироқ харидор кимлигини ошкор қилишдан бош тортган. Расмийлар қурилишда ишлаётган хорижлик ишчилардан ҳам сўров ўтказган, аммо тил тўсиғи сабаб буюртмачи ёки ижрочиларни аниқлай олмаган.
2024 йил декабрида қурилишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берилган. 2025 йил март ойида эса ер масжид комплекси билан бир манзилда рўйхатдан ўтган компания номига ўтказилгани хабар қилинди.
Кавагое шаҳар ҳукумати баёнотида масжид зарур рухсатномаларсиз қурилгани таъкидланди. Расмийларга кўра, бу ҳудудда қурилиш одатда тақиқланади ва фақат Шаҳар режалаштириш тўғрисидаги қонунга мувофиқ махсус рухсат олинган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.
Шаҳар маъмурияти компания вакили бинони беш йил ичида бузишга ваъда берганини айтди. Бироқ бузиш ўрнига, 2025 йил апрелида масжиднинг очилиш маросими ўтказилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ва видеоларда очилиш маросимида кўплаб ибодатчилар ва жамоат аъзолари қатнашгани кўринади. Маросимда Покистоннинг Япониядаги элчиси Абдул Ҳамид ҳам иштирок этган. BBC Urdu хабарига кўра, у лойиҳани дўстлик ва диний бағрикенглик рамзи сифатида баҳолаган.
Кейинроқ Покистоннинг Япониядаги элчихонаси изоҳ бериб, элчи маросимга “барча рухсатномалар Япония қонунларига мувофиқ олингани ҳақидаги маълумот асосида” таклифни қабул қилганини маълум қилди.
Элчихона Япониядаги Покистон жамоатини барча масалаларда, айниқса ибодат жойлари қурилишида, маҳаллий қонунларга тўлиқ амал қилишга чақирди. Баёнотда элчихона маҳаллий ҳукумат қонунларига зид лойиҳаларга алоқадор эмаслиги ҳам таъкидланди.
Мазкур ҳолат Японияда сўнгги йилларда масжид қурилиши билан боғлиқ энг баҳсли шаҳарсозлик можароларидан бирига айланди. Бу воқеа мамлакатда мусулмонлар сони ортиб бораётгани, шу билан бирга диний иншоотлар қурилишида маҳаллий режалаштириш қоидаларига риоя қилиш масаласи тобора муҳимлашаётганини кўрсатмоқда.
Васэда университети фахрий профессори Ҳирофуми Танада маълумотига кўра, 2025 йил ҳолатига Японияда тахминан 160 та масжид мавжуд.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг