Қуйидаги ҳолат бир қарашда оддий ахборот қайта ишланишига ўхшайди. Аммо чуқурроқ қаралса, у давлат коммуникациясидаги тизимли муаммони очиб беради.

Венгрияда чоп этиладиганEurasia Magazine журналида Ўзбекистоннинг“2030 стратегияси”га бағишланган мақола эълон қилинган.

Мазмунан у ислоҳотларнинг мақсадлари, йўналишлари ва кутилаётган натижаларини ижобий руҳда тасвирлайди. Бироқ муҳим жиҳат – мақола муаллифи хорижлик кузатувчи ёки мустақил таҳлилчи эмас, балки Ўзбекистон ҳукуматининг Тараққиёт стратегияси маркази директори Элдор Тўляковдир. Демак, бу ташқи баҳолаш эмас, балки ички сиёсатнинг ташқи майдондаги баёнидир.

Бунинг ўзида муаммо йўқ. Давлатлар кўпинча ўз сиёсатини халқаро аудиторияга тушунтириш учун шундай мақолалар ёзади ва хорижий платформаларда чоп этади. Бу нормал дипломатик ва коммуникацион амалиёт.

Муаммо бошқа босқичда бошланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентлиги ушбу мақолани қайта тақдим этар экан, уни “венгер матбуоти Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини юқори баҳолади” деган мазмунда шарҳлайди.

Бунда мақола муаллифининг шахси очиқ кўрсатилмайди ёки марказий ўринга қўйилмайди. Натижада ўқувчида мақола мустақил хорижий манба томонидан ёзилган ва Ўзбекистонга нисбатан ижобий ташқи баҳолаш берилган, деган тасаввур шаклланади.

Аслида эса бу ички позициянинг ташқи платформа орқали қайта баён қилиниши ва кейин яна ички аудиторияга “ташқи эътироф” сифатида қайтарилишидир. Ахборот назариясида бу “эхо-камера” ёки “рефлектив пропаганда” деб аталади: бир манбада пайдо бўлган фикр турли каналлар орқали айланиб, гўё мустақил ва кўп манбали фикр сифатида кўрсатилади.

Ўзбекистон халқаро майдонда яккаланган ва изоляционизм сиёсати амалда бўлган Каримов даврида бу усул кенг қўлланилган.

Бундай ёндашувнинг бир нечта салбий оқибатлари бор.

Аввало, у ахборотга ишончни сусайтиради. Замонавий ахборот муҳитида манбани текшириш жуда осон. Агар ўқувчи мақола муаллифи кимлигини билиб қолса, у нафақат конкрет материалга, балки уни тарқатган институтларга ҳам шубҳа билан қарай бошлайди.

Иккинчидан, бу давлат пиарининг самарадорлигини пасайтиради. Халқаро аудитория учун энг муҳим омил – ишончлилик ва мустақилликдир. Агар давлат ўзини ўзи мақтаб, уни ташқи баҳолаш сифатида тақдим этса, бу акс таъсир кўрсатади ва имиджга путур етказиши мумкин.

Учинчидан, ички аудитория билан муносабатларга таъсир қилади. Ахборотни бу шаклда тақдим этиш ўқувчини пассив қабул қилувчи деб ҳисоблашга асосланади. Аммо бугунги жамиятда аудитория кўпроқ талабчан ва танқидий фикрловчи. Шунинг учун бундай ёндашув ишонч ўрнига цинизмни кучайтириши мумкин.

Eurasıa Magazıne нуфузли халқаро ОАВ эмас. У мустақил тадқиқот маркази ёки рецензия қилинган академик журнал ҳам эмас, кўп ҳолларда муаллиф фикрини чоп этувчи платформа ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, мазкур ҳолат алоҳида хатодан кўра кенгроқ муаммони кўрсатади: давлат коммуникациясида шаффофлик ва манба аниқлигининг етарли эмаслиги. Ахборотни қайта ишлаш жараёнида мазмундан кўра таъсир устувор қўйилади, натижада эса ахборотнинг ўзига ишонч зарар кўради.

Халқаро майдонда ижобий имиджни шакллантириш учун формал мақтовлар ёки қайта пакетланган материаллар эмас, балки аниқ манбага эга, шаффоф ва текширилиши мумкин бўлган ахборот керак. Акс ҳолда, ҳатто ижобий мазмун ҳам ишончсизлик соясида қолиб кетади.